June 5, 2020

Карантин даврида жорий қилинган меҳнат муносабатлари.

Ҳозирда мамлакатимиздакоронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олиш мақсадида қатиый карантин қоидалари жорий этилган. Ушбу даврда иш берувчи ва ҳодимлар ўртасида кўплаб муаммолар чиқиши мумкин. Мамлакатимизда карантин даврида кўплаб қоидалар жорий этилган.

Ҳусусан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 285-моддасига биноан, карантин даврида иш берувчи вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини тўлаши керак. Масофадан ишлашда эса, (агар иш ҳажми олдингидек қолса) тўлиқ иш ҳақини тўлаши лозим. Агар иш ҳажми камайса, у ҳолда ходим масофадан ишлашга ўтказилишидан олдин белгиланган тариф ставкасидан келиб чиқиб, ходимнинг иш ҳақи соатбай иш ҳақи миқдорига мувофиқ тўланади. Ходимлар учун карантин туфайли вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси ходимнинг давлат ижтимоий суғурта бадалларини тўлаш муддатига (умумий иш стажига), қарамоғидаги болалар сонига ва бошқа ҳолатларга қараб иш ҳақининг 60-100 фоизи миқдорида тўланади. Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик бўйича нафақаларнинг энг кам миқдори қонунда белгиланган энг кам иш ҳақининг 35,2 фоизидан кам бўлмаслиги керак ва нафақа ҳисобланадиган иш ҳақидан ортиб кетмаслиги лозим.

Шу ўринда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги
ПФ-5969-сон «Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонининг 16-бандига биноан, коронавирус инфекцияси билан зарарланиши ёки зарарланган деб гумон қилиниши муносабати билан карантинга жойлаштирилган ота-оналар (улар ўрнини босувчи шахслар, васийлар, ҳомийлар), шунингдек, уларнинг 14 ёшгача бўлган боласини парвариш қилаётган шахсларга ўртача ойлик иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси тўланади. Шунингдек, карантин даврида тиббиёт, санитария-эпидемиологик ва бошқа ходимлар коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларига жалб қилинадиган даврда уларнинг ойлик лавозим маошига 6 фоиз миқдорида ҳар кунлик қўшимча тўловлар жорий этилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 мартдаги
ПҚ-4652-сонли «Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишга жалб қилинган тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига биноан, коронавирус инфекциясидан зарарланган беморлар билан мулоқотга киришадиган, зарарланган беморлар жойлаштирилган объектларда ҳамда коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораторияларида фаолият олиб бораётган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга ҳар 14 кунлик фаолият даври (шу жумладан, март ойи) учун қуйидаги миқдорларда (солиқлардан ташқари) махсус қўшимча рағбатлантириш тўлови (махсус тўлов) белгиланган: врач ходимларга, врач-лаборантларга – 25 миллион сўм; ўрта тиббиёт ходимларига, ҳамшира-лаборантларга – 15 миллион сўм; кичик тиббиёт ходимларига – 10 миллион сўм; бошқа ходимларга – 5 миллион сўм (рўйхат Инқирозга қарши курашиш комиссияси томонидан тасдиқланади). Шунингдек, коронавирус инфекциясини юқтирган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларнинг соғлиғига шикаст етказилгани учун – 100 миллион сўм ёки уларнинг оғир аҳволга тушиши ва соғлиғи тикланмагани муносабати билан бир йўла бериладиган – 250 миллион сўм миқдоридаги қўшимча тўловлар жорий этилди. Шу билан бирга, ушбу тўловлар қонун ҳужжатлари, шунингдек, жамоа шартномалари ва бошқа локал ҳужжатлар ҳамда меҳнат шартномасига мувофиқ ходимнинг соғлиғига шикаст етказилгани ёки бошқа оқибатлар юзага келиши муносабати билан тўланадиган тўловларни сақлаб қолган ҳолда қўшимча равишда амалга оширилади.

Шунингдек,карантин тадбирлари даврида иш берувчилар ходимларни, айниқса ҳомиладор аёлларни, кексаларни, ногиронларни ва сурункали касалликларга чалинган шаҳсларни ўз розилиги билан ишнинг масофавий усулига, мослашувчан иш графигига ёки уйда ишлашга ўтказишлари мумкин. Шунингдек, иш берувчи ходимнинг ушбу режимда ишлаши керак бўлган даврни белгилаши керак. Тўлиқсиз иш вақти йиллик таътилнинг давомийлиги, иш стажи ва бошқа меҳнат ҳуқуқлари бўйича чекловларни келтириб чиқармайди ва ишлаган вақтига ёки иш натижасига қараб тўланади.Карантин даврида агар меҳнат шартномаси чекланмаган муддатга тузилган бўлса, иш берувчи ходимнинг розилигисиз у билан меҳнат шартномасини бекор қилиши мумкин эмас.

Карантин эълон қилингани учун сафарга юборилган ходимлар учун Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 165 ва 167-моддаларига кўра, ходим давлат ёки жамоат вазифаларини бажараётган вақтида иш берувчи уни иш жойини (лавозимини) сақлаган ҳолда ишдан озод қилиши шарт. Ана шу вазифаларни бажариш вақтида ходимнинг ўртача иш ҳақи сақланади. Кафолатланган тўловларни бериш тартиби жамоа шартномаси томонидан белгиланади, лекин бу миқдор ходимнинг ўртача иш ҳақидан паст бўлиши мумкин эмас. Давлат ёки жамоат вазифаларини бажараётганда ходимларнинг ўртача даромадларини сақлаш, шунингдек жамият манфаатлари йўлида ҳаракатларни бажариш билан боғлиқ харажатлар, жумладан бюджетдан таъминланадиган муассаса ва ташкилотларда бюджетдан қопланади.

Ихволиддин Султонов, Норин туман адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси