December 25, 2019

ИСТЕЪМОЛЧИНИ ҚАҚШАТИШ ҚАЧОНГАЧА ДАВОМ ЭТАДИ?

  • Коммунал хизматдаги тушунмовчиликлардан норози бўлган истеъмолчиларнинг сони кундан кунга ошмоқда. Жамиятимиз мутахассислари имкон қадар уларга амалий ёрдам бериш мақсадида фаолият олиб боришмоқда.

Жумладан, Чуст туманидаги Садача маҳалласида яшовчи Мирҳайдар Исмоиловнинг шу йил 16 август куни жамиятга қилган мурожаатига кўра, МИБ ходимлари томонидан фойдаланилган табиий газдан 1 150 441 сўм миқдорида қарзи мавжудлиги кўрсатилиб, талабнома жўнатилган. Ариза муаллифи табиий газ учун тўловларни вақтида доимий тўлаб келган бўлсада, унга нисбатан нореал қарздорлик белгиланганлигидан норози бўлиб, шу масаланинг ижобий ҳал этилишига амалий ёрдам беришимизни сўраган.

Бу қарздорликнинг қанчалик тўғри ёки аксинча эканлигини аниқлаш мақсадида тумангаз таъминоти корхонаси раҳбари Т.Тожиев номига 19 август куни ёзма равишда алоқа хати юборилди ва 28 август куни маълумотнома олинди. Унда кўрсатилишича, ариза муаллифига тумангаз ходими томонидан эмас, аксинча МИБ ходими тузган далолатнома асосида қарздорлик белгиланганлиги кўрсатиб ўтилган.

М.Исмоилов томонидан 7 та ҳолатда жами 1 150 000 сўм тўлов амалга оширилганлиги, бироқ бу сумма унинг абонент рақамига тушмаган, деган айблов билан ундан бугунги нарх (тариф) бўйича ҳисоб-китоб қилиб, 1 450 000 сўм нақд пул тўлашни талаб қилган. Назоратчининг талабига мувофиқ истеъмолчи М.Исмоилов ушбу суммадаги тўловни тўлаган. Бироқ, орадан бир ҳафта ўтиб, унинг хонадонига яна МИБ ходими келади ва ундан қарздорликни талаб қилади. Шундан сўнг, истеъмолчи МИБ Чуст туман бўлими мониторинг бўлими мутахассисларига учраб, давлат инспектори Илёс Далабоевга қарзини тўлаганлигини ва бу қарздорликни унинг ҳисобидан чиқаришларини сўрайди. Улардан эса, «Сизнинг номингизда қоидабузарлик тўғрисида далолатнома бор. Агарда қарзингизни тўламасангиз, хонадонингиз газ тармоғидан узилади» деган жавобни олади. Истеъмолчи далолатномадан нусха беришларини сўраганида эса, турли баҳоналарни рўкач қилиб, тақдим этишмайди.

Аризада кўрсатилган ҳолатларга МИБ туман бўлими ҳамда тумангаз корхонаси томонидан тақдим этилган мазкур фуқаронинг ҳақи ва қарзи тўғрисидаги тўлов квитанциялари ва маълумотномаларига асосланиб аниқлик киритилди. Истемолчи М.Исмоилов 2012-2019 йиллар давомида махсус касса, коммунал касса, пластик карточка, жамғарма касса, иш ҳақи, МИБ ходимлари ва миллий банк орқали 54 маротаба тўловни амалга оширган. Бироқ, 3 та ҳолатда миллий банк томонидан, 1 та ҳолатда микрокредитбанк, 1 та ҳолатда тумангаз ходими Аброр Абдуллаев, 1 та ҳолатда МИБ ходими Элдор Набиев иш ҳақидан деб Шавкат Суропов муҳри билан қабул қилинган тўловлар МИБ маълумотномасида истеъмолчи ҳисобига киритилмаганлиги маълум бўлди.

Ўрганиш жараёнида аниқланишича, аризачи 2012 йил январь ойидан 2019 йил июль ойига қадар 8 447 000 сўм миқдоридаги тўловни амалга оширган. МИБдан олинган маълумотларда эса бу кўрсатгич 6 947 000 сўмни ташкил этади.

4 сентябрь кунги ҳолатига ариза муаллифининг хонадонига ўрнатилган газ ҳисоблагичдаги кўрсатгич истеъмолчининг жорий йил 28 июнь куни амалга оширган 1 450 000 сўм тўловидан ташқари 72 960 сўм ҳақдор эканлигини кўрсатиб турибди.

Истеъмолчининг табиий газдан қарздорлик - ҳақдорлиги хатловдан ўтказилиб МИБ, тумангаз вакили ва жамият мутахассиси иштирокида далолатнома тузилди ва абонент кодига жорий йил 7 декабрь ҳолатига 743 494 сўм ҳақдорлик киритилди.

Юқоридаги кўрилган масалага аниқлик киритиш мақсадида қатор ташкилотларга, ҳатто ҳуқуқни ҳимоя қилиш идораларига ҳам мурожаат қилишга тўғри келди. «Отангга бор- онангга бор» қабилидаги ишлардан сўнг тўрт ой вақт мобайнида ижобий натижага эришилди, истеъмолчининг қарздорлиги бартараф этилди.

Шу ва шунга ўхшаш коммунал хизматдаги муаммолар бир неча йиллардан буён ўз ечимини топа олмаяпти. Бунга асосий сабаб фуқаролар белгиланган тартиб-қоидалардан ё бехабар ёки билсалар-да риоя этишмайди. Ўз навбатида таъминотчи идоралар мутахассислари ҳам ўз вазифаларига тўла-тўкис риоя этяптилар, деб ҳам бўлмайди. Акс ҳолда шунча оворагарчилик, сансоларлик бўлмаган бўлар эди. Тўланган тўловлар эса киссага эмас, кассага тушарди. Ўз касбига лоқайдлик билан қараш, истеъмолчилар билан яхши муносабатда бўлмаслик ҳолатлари ҳамон давом этмоқда. Замон шиддат билан ўзгаряпти. Аҳолини бугунги кундан рози қилиш, уларга қулай шароитлар яратиш борасида жонбозлик кўрсатилаётган бир пайтда бундай ўзибўларчилик ёки турғун кайфиятда бўлиш ярашмайди.

А. НЕМАТУЛИН,

Чуст туман истеъмолчилар ҲҲҚ жамияти раиси.

Шоҳида ДАМИНОВА.