ЕР УЧАСТКАЛАРИ ҚАЙ ТАРТИБДА ХУСУСИЙЛАШТИРИЛАДИ?
- 2019 йилнинг 13 август куни «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида»ги Қонун ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни ташкил қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг молиявий ресурслар ва ишлаб чиқариш инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди.
- Мазкур қонун ҳужжатларини шарҳлаб беришни сўраб Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Косонсой туман бўлими бошлиғи Орифжон ТИЛЛАБОЕВга мурожаат қилдик.
- Фармонга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларига қуйидагилар тақиқланди:
- тадбиркорларни ўз фаолиятидан ташқари, шу жумладан, ҳомийлик ва хайрия ёрдами кўрсатиш, ҳудудларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, темир-терсак ва макулатура йиғиш ишларига мажбурий жалб қилиш;
- тадбиркорларни қишлоқ хўжалигидаги мавсумий ишларга (экиш ва йиғиб олиш) ва меҳнат ресурслари, пул ва бошқа моддий бойликларни йўналтириш билан боғлиқ бошқа тадбирларга жалб қилиш;
- тадбиркорлар иштирокида мажбурий тартибда, шу жумладан, уларга нисбатан маъмурий ва бошқа чораларни қўллаш таҳдиди остида йиғилишлар ва бошқа тадбирларни ўтказиш.
Шунингдек, янги тартибга кўра 2020 йил 1 январдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларига қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини олиб қўйиш ва бир фермер хўжалигидан бошқасига ўтказиш ҳамда жисмоний ва юридик шахслар эгалигида бўлган, улар фойдаланадиган ва уларнинг мулки бўлган ер участкаларини жамоат ва давлат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ваколатлари халқ депутатлари Кенгашларига бериладиган бўлди.
Эндиликда Бош прокуратура ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили хусусий мулкдорларга уларнинг ҳуқуқларини бузган ҳолда зарар етказилишига (мулк ҳуқуқини ноқонуний чеклаш ва ундан маҳрум қилиш, хусусий мулкка тажовуз қилиш, мулкни топширишга ёки мулк эгасини шахсий мулк ҳуқуқидан воз кечишга мажбур қилиш) йўл қўйилмаслиги устидан тизимли назорат ўрнатади ҳамда мансабдорлар бу борада қонунбузарлик қилишига йўл қўймаслик юзасидан зарур чораларни кўради.
Бевосита қонунга тўхталадиган бўлсак, унинг мақсади – жисмоний ва юридик шахсларнинг қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириши соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдир.
Қабул қилинган қонуннинг муҳим жиҳати шундаки, у хусусийлаштириш субъектлари, объектлари ва тартибини, шунингдек хусусийлаштирилган ерларни олиб қўйиш тартибини белгилайди. Янги механизм фақат Ўзбекистон фуқаролари ва юридик шахс бўлган Ўзбекистон резидентларига тааллуқлидир. Чет элликлар, фуқаролиги бўлмаган шахслар ва норезидент компаниялар Ўзбекистонда ер участкаларини хусусийлаштира олмайди.
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш қонунийлик, ихтиёрийлик, ҳақ тўлаш, хусусийлаштириладиган ер участкаларининг ва уларда жойлашган кўчмас мулк объектларининг бирлиги, очиқлик ва шаффофлик принциплари асосида амалга оширилади.
Яна шуни ёдда тутиш лозимки, барча ер участкалари ҳам хусусийлаштирилавермайди. Хусусан, тасдиқланган ва эълон қилинган режалаштириш схемалари бўлмаган ҳудудларда жойлашган ер участкалари; фойдали қазилмалар конлари, давлат мулкидаги стратегик объектлар жойлашган ер участкалари; табиатни муҳофа қилиш, соғломлаштириш, рекреация мақсадлари ва тарихий-маданий мақсадлар учун мўлжалланган ерлар таркибига кирувчи ер участкалари, ўрмон ва сув фондларининг, шаҳарлар ва шаҳарчаларнинг умумий фойдаланишдаги ерлари; хавфли моддалар билан зарарланган ва биоген заҳарланишга дучор бўлган ер участкалари; эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарига берилган ер участкалари хусусийлаштирилмайди.
Кўпчиликда ер участкалари қай тартибда хусусийлаштирилади, деган савол туғилиши мумкин. Қуйида шу ҳақида тушунча берамиз.
Ер участкасини хусусийлаштириш бўйича ариза ер участкаси жойлашган ердаги туман (шаҳар) ҳокимининг номига давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали берилади.
Ариза ер участкаларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш бўйича комиссия томонидан ариза олинган кундан эътиборан 10 иш куни ичида кўриб чиқилади. Комиссия ер участкаларини хусусийлаштириш бўйича давлат хизматлари кўрсатишга доир маъмурий регламентга мувофиқ ўз ижобий ёки салбий хулосасини беради.
Комиссиянинг хулосаси ҳокимга ер участкасини хусусийлаштириш тўғрисидаги ёки хусусийлаштиришни рад этиш ҳақида қарор чиқариш учун асос бўлади.
Ер участкаларини хусусийлаштиришни рад этиш ҳақидаги қарор комиссиянинг салбий хулосаси тузилган кунда қабул қилинади. Рад этиш ҳақидаги қарор устидан маъмурий судга шикоят қилиниши мумкин.
Ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисидаги қарор эса хусусийлаштириладиган ер участкаси учун тўлов амалга оширилганидан сўнг 3 иш куни ичида қабул қилинади.
Бўш турган ер участкалари аҳоли пунктларининг ва ҳудудларнинг бош режаларига мувофиқ маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан аниқланади. Урбанизация агентлиги билан келишилган ҳолда электрон онлайн-аукцион орқали сотилганда инвестиция мажбуриятлари ҳам юкланиши мумкин.
Мазкур Қонун 2020 йил 1 мартдан кучга киради.
Илҳомжон ЖУМАНАЗАРОВ ёзиб олди.