June 25, 2021

2021 ЙИЛДА ТОКИО ШАҲРИДА (ЯПОНИЯ) БЎЛИБ ЎТАДИГАН XXXII ЁЗГИ ОЛИМПИЯ ВА ХVI ПАРАЛИМПИЯ ЎЙИНЛАРИДА ЎЗБЕКИСТОН СПОРТ ДЕЛЕГАЦИЯСИНИНГ ИШТИРОКИНИ ТАЪМИНЛАШ ҲАМДА ОЛИМПИЯ СПОРТ ТУРЛАРИНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

қ а р о р и

Жорий йилда Токио шаҳрида (Япония) бўлиб ўтадиган ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон спортчиларининг ҳар томонлама тайёргарлиги ва муваффақиятли иштирокини таъминлаш, уларда олтин, кумуш ва бронза медалларини қўлга киритган спортчиларни моддий қўллаб-қувватлаш, шунингдек, мамлакатимизда Олимпия ва Паралимпия ҳаракатларини янада ривожлантириш мақсадида:

1. 2021 йилда Токио шаҳрида (Япония) бўлиб ўтадиган ХХXII ёзги Олимпия ва ХVI Паралимпия ўйинларида (кейинги ўринларда – Олимпия ва Паралимпия ўйинлари) иштирок этадиган Ўзбекистон спорт делегацияси таркиби 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Туризм ва спорт вазирлиги (А.Абдухакимов), Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси (Р.Шаабдурахманов), Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси (М.Ташходжаев) зиммасига қуйидаги вазифаларни бажариш юклансин:

Олимпия ва Паралимпия ўйинларида қатнашиш ҳуқуқини берувчи лицензияни қўлга киритган спортчилар учун ўқув-машғулот йиғинларининг якуний босқичини самарали ва сифатли ташкил этиш;

Олимпия ва Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон спорт делегацияси аъзоларининг иштирок этиши учун уларни спорт анжомлари (шу жумладан, махсус спорт анжомлари), расмий либос ва спорт экипировкаси билан таъминлаш;

Маданият вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда Олимпия ва Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон спорт делегацияси аъзоларининг иштирокини таъминлаш учун уларни кузатиш, жойлаштириш, тантанали равишда кутиб олиш тадбирларини ташкиллаштириш.

3. Ўзбекистон спорт делегациясининг 2021 йилда Токио шаҳрида (Япония) бўлиб ўтадиган ёзги ХХХII Олимпия ва XVI Паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўриши ва иштирок этиши харажатлари сметаси
2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

4. Маълумот учун қабул қилинсинки:

2021 йил 24 июнь ҳолатига Олимпия ва Паралимпия ўйинларида қатнашиш ҳуқуқини берувчи жами 101 та лицензия қўлга киритилган;

Олимпия ва Паралимпия ўйинлари бошлангунга қадар олимпия спорт турлари бўйича қўшимча квоталар ажратиш, паралимпия спорт турлари (парадзюдо, парапауэрлифтинг, парасузиш, параакадемик эшкак эшиш ва бошқалар) бўйича қўшимча 17 та лицензияни қўлга киритиш кутилмоқда.

Олимпия ва Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини сифатли тайёрлашни ташкил этиш бўйича Республика комиссияси (А.Арипов)га Олимпия ва Паралимпия ўйинлари бошлангунга қадар уларда қатнашиш ҳуқуқини берувчи қўшимча лицензиялар сонидан келиб чиқиб мазкур қарор билан тасдиқланаётган 1 ва 2-иловаларга тегишли равишда комиссия баёни билан ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқи берилсин.

Республика комиссияси Паралимпия ўйинларига тайёргарлик қилиш ва иштирок этишнинг аниқ миқдорини белгиласин.

5. Белгилаб қўйилсинки:

а) Олимпия ва Паралимпия ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган Ўзбекистон спортчилари қуйидаги миқдорда бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилади:

олтин медаль учун – 200 000 АҚШ доллари;

кумуш медаль учун – 100 000 АҚШ доллари;

бронза медаль учун – 50 000 АҚШ доллари;

б) мазкур бандда назарда тутилган харажатлар Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.

6. Миллий антидопинг агентлиги (Н.Турсунов) Олимпия ва Паралимпия ўйинларида:

спортчилар томонидан антидопинг қоидаларига қатъий риоя қилиниши устидан самарали антидопинг назоратини амалга оширсин;

Ўзбекистон спорт делегациясини антидопинг мавзуларига оид тегишли ўқув-ахборот материаллари ва турли кўргазмали маълумотлар билан таъминласин.

7. Ташқи ишлар вазирлиги (А.Камилов) Ўзбекистон спорт делегациясининг Нарита халқаро аэропортида иммиграция назоратидан ўтишига кўмаклашсин.

8. Ички ишлар вазирлиги (П.Бобожонов):

Ўзбекистон спорт делегацияси аъзоларининг Олимпия ва Паралимпия ўйинларида қатнашиши учун Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспорти ўз вақтида расмийлаштирилишини таъминласин;

кузатиш ва кутиб олиш тадбирларида хавфсизликни таъминлаш ва жамоат тартибини сақлаш, шунингдек, Ўзбекистон спорт делегацияси транспорт воситаларининг Тошкент шаҳар ҳудудида кузатувини ташкил этиш бўйича зарур ташкилий чораларни кўрсин.

9. Транспорт вазирлиги (И.Махкамов):

Туризм ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси талабномаларига асосан жорий йилнинг июль-сентябрь ойларида Токио шаҳрига рейслар ташкил этилиши, шунингдек, Ўзбекистон спорт делегацияси учун авиачипталар бронь қилинишини;

“Тошкент-Токио-Тошкент” йўналиши бўйича чартер рейслари ташкил этилиши ва амалга оширилишини;

Ўзбекистон спорт делегацияси аъзоларига тегишли бўлган спорт анжомлари ва жиҳозларининг Ислом Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропорти орқали бепул ўтказилишини;

Ислом Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропортининг умумий залида “яшил йўлак” ташкил қилиш ва мазкур йўлак орқали Ўзбекистон спорт делегацияси аъзоларини кузатишни таъминласин.

10. Давлат божхона қўмитаси (М.Азимов) Ўзбекистон спорт делегацияси ва уларнинг қўл юклари (спорт овқатлари, спорт анжомлари, жиҳозлар, тиббий асбоб-ускуналар ва препаратлар ҳамда бошқалар) божхона назоратидан ўтказиш ва расмийлаштириш ишлари тезкорлик билан амалга оширилишини таъминласин.

11. Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси (Р.Шаабдурахманов) ҳамда Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси (М.Ташходжаев) “Дори-Дармон” АК (У.Салихбаева), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Хаджибаев) билан биргаликда Ўзбекистон спорт делегациясини зарур бўлган жиҳозлар, тиббий асбоб-ускуналар ва препаратлар билан таъминласин.

12. Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси (А.Хаджаев), Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (А.Кўчимов) спортчиларнинг Олимпиада олди ўқув-машғулот йиғинлари, Олимпия ва Паралимпия ўйинларида иштироки тўғрисида қисқа метражли видеороликлар ҳамда махсус кўрсатувлар тайёрланишини ва оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминласин.

13. Туризм ва спорт вазирлиги (А.Абдухакимов) Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси (Р.Шаабдурахманов) ва Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси (М.Ташходжаев) билан биргаликда беш кун муддатда Олимпия ва Паралимпия ўйинлари давомида ташкилий ишларни тезкорлик билан ҳал қилиш ва мувофиқлаштириш мақсадида миллий штабларни ташкил этсин ва фаолиятини йўлга қўйсин.

14. Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасига ҳамда Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитасига Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш учун спорт анжомлари, жиҳозлар, ускуналар, делегация расмий либослари, спорт кийимлари (экипировкаси), спорт тиббиёти жиҳозлари, тиббий-биологик препаратлар харид қилиш бўйича хорижий ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан шартномаларни, шунингдек, ўқув-машғулот йиғинлари бўлиб ўтадиган спорт базалари, ётоқхона, спорт заллари ва спорт жиҳозлари ижаралари тўғрисида ҳамда овқатланишни ташкил қилиш юзасидан шартномаларни, истисно тариқасида, давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталида тегишли эълон жойлаштирмасдан ва электрон савдоларсиз, тендерсиз, тўғридан-тўғри расмийлаштириш ва тўловларни амалга оширишга рухсат берилсин.

15. Бош вазир ўринбосари – туризм ва спорт вазири А.Абдухакимов Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси, Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ҳамда спорт федерациялари (ассоциациялари)ни жалб этган ҳолда қуйидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини киритсин:

а) бир ой муддатда – олимпия захиралари коллежлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш, бу борада коллежлардаги спорт таълим йўналишларининг олимпия спорт турлари билан узвий боғлиқлигини таъминлаш, ҳудудларда иқтидорли ёшларни аниқлаш, танлаш ва саралаш (селекция)нинг янги тизимини жорий қилиш, тренер ва мутахассисларни моддий рағбатлантириш тизимини яхшилаш бўйича;

б) 2021 йил 1 декабрга қадар:

жамоавий спорт турлари (баскетбол, гандбол, чим устида хоккей, волейбол ва бошқалар)ни ривожлантириш ва оммалаштириш, бу борада иқтидорли ёшларни аниқлаш, танлаш ва саралаш (селекция) тизимини жорий қилиш, туман (шаҳар), вилоят, республика ва халқаро мусобақалар ва турнирларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш, тренер ва мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича;

сув спорти турлари (сув полоси, сузиш, синхрон сузиш, сувга сакраш ва бошқалар)ни ривожлантириш, сув спорти саройларини барпо этиш, хусусий сув спорти мактабларини ташкил этишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича.

16. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил этишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Бош вазир ўринбосари – туризм ва спорт вазири А.А.Абдухакимов, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси Р.М.Шаабдурахманов ва Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси раиси М.М.Ташходжаев белгилансин.

Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2021 йил 25 июнь