December 10, 2019

НАМАНГАННИ ЗАМОНАВИЙЛАШТИРИШ ЛОЙИҲАЛАРИ ХИТОЙЛИКЛАРНИ ЖАЛБ ЭТМОҚДА

  • Хитойнинг “China Construction Sausum Co., Ltd” компанияси тижорат ишлари бўйича директори Чжао Чуньсяо бошчилигидаги делегация қурилиш соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида Наманганда бўлди.

Вилоят ҳокимлигида хитойлик ишбилармонлар билан бўлиб ўтган учрашувда Наманган вилоятидаги йирик қурилишлар – Namangan city, Нанай сайёҳлик зонаси, Юксалиш ҳудудидаги йўлдош шаҳарча лойиҳаларида ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича музокаралар олиб борилди.

Учрашувда делегация раҳбари Чжао Чуньсяо “China Construction Sausum Co., Ltd” компанияси фаолияти, жаҳон қурилиш бозорида тутган мавқеи, дунёнинг турли давлатларида иштирок этган лойиҳалари, тажриба ва салоҳияти ҳақида батафсил маълумот берди. Мазкур компания Хитой қурилиш холдинг корпорацияси (CSCEC)нинг етакчи компанияларидан бири ҳисобланади. Ўттиз минг ишчи, уч мингдан ортиқ юқори малакали мутахассисларга эга. Таркибида катта илмий-муҳандислик салоҳиятига эга иккита лойиҳалаш институти фаолият кўрсатади. Асосий йўналиши инвестиция ва кўчмас мулк, инфраструзилма, уй-жой қурилиши ҳисобланган компания сўнгги 30 йил ичида Африка, Яқин Шарқ, Лотин Америкаси ва Осиё давлатларида умумий қиймати 15 миллиард доллардан зиёд кўплаб лойиҳаларни амалга оширган.

Учрашувда компания вакиллари томонидан янгиланаётган Наманган шаҳрида амалга оширилаётган лойиҳалар, хусусан, йўл ва кўприклар, тунеллар ҳамда бошқа инфратузилма қурилишларида иштирок этиш таклифи билдирилди.

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров томонидан Ўзбекистон ва Хитой давлатлари ўртасида тобора кенгайиб бораётган савдо-иқтисодий алоқалари заминида вилоятнинг “China Construction Sausum Co., Ltd” компанияси билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёр эканлиги маълум қилинди.

Таъкидландики, бугунги кунда Наманган улкан қурилиш майдонига айланган. Айни пайтда Жанубий Корея, Хитой, Ҳиндистон компаниялари билан йирик қурилиш лойиҳалари амалга оширилмоқда. Наманган шаҳрида 78 гектарлик майдонда Namangan city ни қуриш концепцияси тасдиқланди. Юксалиш ҳудудида 300 гектарлик майдонда йўлдош шаҳарча қурилиши бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда. 165 гектарлик майдонда Нанай сайёҳлик зонаси барпо этилади. Бу лойиҳаларни амалга оширишда, албатта, йирик корпорацияларнинг иштироки жуда муҳим.

Шунингдек, вилоят раҳбари хорижлик ишбилармонларга Наманган халқаро аэропортини модернизация қилиш, уни ривожлантириш учун муносиб ташқи бошқарувни жорий этиш юзасидан олиб борилаётган музокаралар ҳақида маълумот берди.

Чжао Чуньсяо аэропорт қуриш ва модернизация қилиш борасида компания тажрибалари ҳақида сўзлаб, Урумчидаги халқаро аэропортни “China Construction Sausum Co., Ltd” барпо этгани, бу борадаги тажрибаларни Наманганда ҳам амалга татбиқ этиш мумкинлигини таъкидлади.

Учрашувда хитой компанияси вакиллари Namangan city лойиҳаси билан таништирилиб, уларга амалга ошириладиган қурилиш лойиҳалари бўйича батафсил маълумотлар тақдим этилди, деб маълум қилади вилоят ҳокимлигининг ахборот хизмати.

 

Акрамжон САТТОРОВ, Ҳотам МАМАДАЛИЕВ.