March 17, 2025

«Янги юлдузлар» Самарқандга боради

Наманган вилояти мусиқали драма театрида «Турон театр мактаби» республика танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан вилоят маданият бошқармаси билан ҳамкорликда ўқувчиларни миллий қадриятлар руҳида тарбиялаш, ёш авлоднинг маънавий дунёқарашини бойитиш, ақлий салоҳиятини юксалтириш ҳамда театр санъатига бўлган қизиқишини ошириш мақсадида умумтаълим мактаблари театр жамоалари ўртасида ўтказилаётган танловнинг вилоят босқичида саралаш ва ҳудудий босқичларда 72 мингдан зиёд иштирокчилар ичидан синовдан ўтган 14 жамоанинг 112 нафар бўлажак актёр маҳоратини намоён қилди.

Тадбирнинг тантанали очилишида республика Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг ўринбосари Фарҳод Боқиев, Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Ғуломжон Муродхўжаев таъкидлаганидек, ушбу танлов давлатимиз раҳбарининг 2024 йили Андижон вилоятига ташрифи чоғида берилган топшириғи ижросини таъминлаш мақсадида умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ўтказилиб келинмоқда.
Танловда ижодий ва интеллектуал қобилият, савол-жавоб ва саҳнага чиқиш шартлари бўйича ўқувчиларнинг ижодий салоҳияти, иқтидори яққол ифодасини топди. Айниқса, «Театр – ибратхона» шартида буюк сиймолар, ёзувчиларнинг асарларида ифода этилган қаҳрамонлар образлари саҳна орқали маҳорат билан гавдалантирилиб, ижро этилган ҳар бир роль томошабинлар олқишларига сазовор бўлди.

– «Турон театр мактаби» танлови иқтидорли ўқувчиларнинг ижодий салоҳиятини рўёбга чиқаришда чинакам майдон вазифасини ўтамоқда, бунга Наманганда кечган беллашувларда яна бир карра амин бўлдик, – дейди танлов ҳакамлар ҳайъати аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Баҳодир Нишонов. – Айниқса, ўқувчиларнинг актёрлик ижроси профессионал санъаткорларнинг маҳоратидан асло қолишмаслиги таҳсинга лойиқ. Мактаб театр жамоаларининг чиқишларидан ёшлар орасида театр ва кино санъатига қизиқувчи талантлар бисёр эканлигини англадик.
Муросасиз ва қизғин ҳаяжонли дамларга бой тарзда кечган беллашув якуний натижаларига кўра, Учқўрғон туманидаги 39-сонли умумтаълим мактабининг «Янги юлдузлар» театр жамоаси ғолибликни қўлга киритиб, танловнинг мамлакат босқичига йўлланмани қўлга киритди. Иккинчи ўринни Наманган шаҳридаги 1-сонли давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактабининг «Наманган юлдузлари» жамоаси эгаллади. Учинчи ўрин эса Тўрақўрғон туманидаги 22-сонли умумтаълим мактабининг «Ибрат» жамоасига насиб этди.

Ғолиб ва совриндорлар, фаол иштирок этган театр жамоалари вилоят ҳокимлиги, мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан муносиб тақдирланди.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг июнь ойида Самарқанд шаҳри мезбонлик қиладиган «Турон» театр мактаби республика танловида ғолиб чиқадиган жамоа аъзолари бир ҳафта давомида хорижий давлатда саёҳатда бўлади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири