April 12, 2024

Наманган вилояти делегацияси Тожикистонда халқаро туристик форумда иштирок этмоқда

Сўнгги йилларда Ўзбекистон-Тожикистон, Наманган ва Сўғд вилоятлари алоқалари янги даражага чиққанини алоҳида эътироф этиш жоиз. Бу ўзаро иқтисодий, маданий-гуманитар ва туризм соҳасидаги алоқаларда бўй кўрсатмоқда.

«Сўғд – Буюк ипак йўли чорраҳаси-2024» Халқаро туристик форумида иштирок этиш учун йўлга чиққан Наманган вилояти делегациясини Андархон чегара постида Сўғд вилояти туризм бошқармаси бошлиғи Абдумажид Раҳимов бошчилигидаги расмийлар кутиб олишди.

Шундан сўнг, Гулистондаги Баҳористон мажмуасига ташриф буюрилди. Бу ерда форум доирасида ташкил этилган тадбирни Сўғд вилояти Раиси ўринбосари Анвар Яъкуби очиб берди.

– Фарғона водийси Марказий Осиёнинг гавҳаридир. Туризмни биргаликда ривожлантиришимиз лозим, – деди Яъкуби ўз сўзида.

Шундан сўнг сўз олган Тожикистон Туризм қўмитаси раиси ўринбосари Рустами Хотамиён туризм ривожида мамлакатлараро яқин ҳамкорлик муҳимлигини таъкидлади.

Наманган вилояти ҳокими ўринбосари Ботир Нуриддинов барчани ушбу нуфузли тадбир билан табриклаб, Наманган туризм салоҳиятини қисқа шарҳлаб берди. Барчани май ойида бошланадиган Халқаро гуллар фестивалига таклиф этди.

Митапда Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва ўзбекистонлик экпертлар ўз чиқишлари билан иштирок этдилар.

Тадбир якунида нуфузли меҳмонларга Ахсикент археология парки китоби тақдим этилди.

Медиа Департамент