March 3, 2025

Вилоят ҳокими сайёр қабулида мурожаатчига сўнгги русумдаги мотороллер совға қилинди

Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш одамийликнинг энг олий мезонидир.
Ш. М. Мирзиёев.

Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов турли масалалар бўйича вилоят раҳбари номига мурожаат қилган фуқароларни қабул қилди.

Наманган туманидаги «Маданият маркази»да қарийб 8 соат давом этган жараёнда икки юз эллик нафардан зиёд юртдошимиз вилоят раҳбари билан учрашиб, ўз дарду ташвишлари ечими бўйича кўмак сўрадилар.

Вилоят ҳокими уларнинг ҳар бирини батафсил тинглаб, муаммоларни ҳал этиш юзасидан тегишли чоралар белгилади.

— Мен Тўрақўрғон туманидаги «Ўзбекистон» маҳалласидан келдим. Кредит масаласида қийинчиликларга учраётгандим. Вилоят ҳокими қабулига киргач, раҳбарларга топшириқ бердилар, муаммоим ҳал этилди. Бугунги қабулдан беҳад миннатдорман, ҳокимимизнинг эътиборидан ҳамма хурсанд, — дейди мурожаатчи Феруза Жабборова.

Дарҳақиқат, шундай. Масалан, Мингбулоқ туманидаги «Бирлашган» маҳалласида яшовчи 1-гуруҳ ногирони Михаил Казакалиев ҳоким қабулига юк ташувчи мотороллер харид қилишда имтиёзли кредит олишга ёрдам сўраб келган эди. Шароити ўрганиб чиқилиб, Рамазоннинг илк кунида шу ернинг ўзида унга ҳомийлар томонидан энг сўнгги русумдаги мотороллер совға қилинди. Бундай марҳаматдан мурожаатчининг боши кўкка етди.

Шунингдек, қабулда фуқароларнинг уй-жой, кадастр, қурилиш, кредит, моддий ёрдам олиш, ёшлар ишлари ва ҳуқуқий мавзулардаги мурожаатлари ўрганилиб, ечими бўйича мутасадди идоралар раҳбарларига топшириқ ҳамда кўрсатмалар берилди.

Наманган вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати.