Идоралараро Республика ишчи гуруҳи Наманган вилоятида ўрганиш ишларини бошлади
Маҳаллаларда инсон қадри учун бажарилаётган ишлардан бохабар бўлиш, халқни қийнаётган муаммоларига ечим топиш, аҳоли фаровонлиги учун қилинаётган саъй-ҳаракатларни секторлар кесимида ўрганиш, аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш ҳамда ҳудудлардаги криминоген вазиятни ўрганиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Бахтиёр Исломов ва Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов раҳбарлигидаги республика ишчи гуруҳи Наманган вилоятида ўрганиш ишларини бошлади.
Ишчи гуруҳ аъзолари дастлаб Норин туманидаги “Кемабоши” мфй янги биносининг очилиш маросимида иштирок этишди. Бинода ходимлар ҳамда фуқаролар учун яратилган шароитлар билан танишилиб, ёшлар ва маҳалла оқсоқоллари билан самимий суҳбат қурилди. Шундан сўнг, ушбу маҳалла раиси, профилактика инспектори, фаоллар ва бошқа масъулларнинг ҳудудда амалга оширилган ишлар ҳамда келгусида белгиланган вазифалари юзасидан тақдимоти ўтказилди.
Ишчи гуруҳ вакиллари Норин туманидаги “Хўжаобод” МФЙда жойлашган лимончилик мактаби фаолияти билан танишдилар. Бу ерда туман ҳокими ва туман прокурори томонидан секторлар тизимида аҳоли бандлигини таъминлаш борасида тақдимот ўтказилди.
Туманда лимончилик ва лимон кўчатларини етиштиришда йўлга қўйилган ўзига хос мактаб, “Ёшлар кичик саноат зонаси”да ташкил этилган 10 та лойиҳа ҳамда ёғочни қайта ишлаш йўналишида эришилаётган ютуқларни бошқа ҳудудларда ҳам жорий этиш бўйича тавсиялар берилди.
Ишчи гуруҳнинг Наманган вилоятидаги ўрганиш ишлари давом этмоқда.