June 7, 2018

Шерзод Шерматов: «Ҳамма иш билан жуда банд, келажакни ўйлашга эса вақт йўқ»

Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Шерзод Шерматов ўзининг Facebook’даги саҳифасида давлат идоралари вакиллари кундалик ишлар билан банд бўлиб, ишдан «бошини кўтариб» мамлакатни ривожлантириш сценарийларини ишлаб чиқишга қўли тегмаслиги билан боғлиқ вазиятни танқид қилди.

Фото: «Texnoman.uz»

«Бугун Инновацион ривожланиш стратегияси лойиҳасини тайёрлашда ҳам инновацион ёндашувни амалга ошириш мақсадида кўпчилик учун янги бўлган форсайт методикасидан фойдаланиб, турли хил экспертлар, тадбиркорлар ва давлат идоралари вакиллари билан муҳокама ташкил этдик. Асосий мақсад номигагина ҳужжат тайёрлаш эмас, балки ҳақиқатда амалда фойдаси тегадиган ҳужжатни ишлаб чиқиш. Шунинг учун ҳам Ўзбекистоннинг Глобал инновацион индексдаги ўрнига боғлиқ асосий муаммолар ва уларнинг келгусида ечимлари қандай бўлиши мумкинлиги ҳақида эркин фикр алмашиб олдик», — деб ёзди вазир ўринбосари.

Шерзод Шерматов тадбир давомида ўзи учун қизиқ ҳолатни қайд этганини айтди. «Аксарият давлат идоралари вакиллари кундалик ишлар билан шунчалик бандки, улардан «бошини кўтариб» мамлакатни ривожлантириш сценарийларини ишлаб чиқиш ва уларга қандай тайёргарлик кўриш мумкин деган муҳим масалаларга вақт ажрата олмайди», — деб ёзди у.

«Муаммолар ва кундалик вазифалар жуда кўп. Лекин асосий мақсад ва приоритетларни аниқлаб олмасдан туриб қанчалик ҳаракат қилинмасин, қаерга етиб бориш кераклигини, ҳаттоки тўғри ҳаракат қилинаётганини ҳам билиб бўлмайди. Собиқ СССРнинг режали иқтисодиёти ҳақида ўта салбий хотира сақланиб қолгани сабабли кўпчиликнинг ҳаёлида режалаштириш ёмон тушунча сифатида шаклланиб қолган. Бироқ, исталган ривожланган давлатни ёки ҳозирги вақтда тез суръатларда ривожланаётган Хитойни мисол қилиб олсак, кўпчилик олим ва мутахассислар 10—20 йиллар ва ундан кейин мамлакатни келажакда кутаётган турли хил сценарийларни ўрганишини ва уларга тайёргарлик режасини тузаётганини кузатишимиз мумкин. Шу сабабли, у давлатларда барча давлат идоралари умумий мақсадга қараб ишлайди. Бирон-бир катта фавқулодда вазиятлар юз берадиган бўлса, ундай ҳолатга тайёрланган режалари асосида унинг оқибатларини тезда бартараф этишга киришилади.

Иккинчи яна салбий кузатиш. Баъзи давлат идоралари вакиллари йиллар давомида амалга ошириб келган ишини мутлақо тўғри деб баҳолаб, янгича фикрларга уларнинг биринчи реакцияси «честь мундира»ни ҳимоя қилиш ва у фикрни инкор қилишдан иборат. Бунинг хавфли томони шундаки, қанчалик янги ғояларга бой ҳужжат тайёрланмасин, вазирлик ва идоралар билан келишув жараёнида ҳужжат айнан шундай «экспертлар» қўлига тушганда, ундаги ғояларнинг кўпчилиги инкор бўлиб кесилиб кетиши мумкин...

Президентимиз томонидан келажакни ўйлаб иш қилиш муҳимлиги ҳақида бир неча бор таъкидланганлиги ва мамлакат ривожланиши учун энг асосий приоритетлар қаторида иқтисодиётнинг ўсиши, ишчи ўринларнинг яратилиши, ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш белгиланган экан, масъул вазифалардаги давлат хизматчиларининг асосий эътиборини «текучка» ва «контролка»ларни ёпишга эмас, балки ушбу асосий приоритетлар бўйича нима ишлар қилиниши кераклигига қаратилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Бунинг учун марказий Think Tank – «мозговой центр» бўладиган муассасаларнинг ролини ва мақомини тубдан қайта кўриб чиқиш ёки бутунлай янгисини тузиш, ҳамда иқтисодиётимизнинг барча жабҳаларига тегишли бўлган статистик маълумотлар йиғиш ва қайта ишлаш тизимини ҳам такомиллаштириш зарур бўлади», — дея қайд этди Шерзод Шерматов.

Манба: Дарё.уз