July 9, 2021

Аросатда қолган бола тақдирини ким ўйлайди?

Юртимизда баркамол авлодни тарбиялашда, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш жамиятнинг энг муҳим вазифасига, давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бирига айланган. Барча эзгу ниятларимизнинг марказида фарзандларимизни ватанпарварлик руҳида жисмоний ҳам маънавий жиҳатдан соғлом қилиб ўстириш, уларнинг бахту-саодати, оилапарварлигини, фаровон келажагини кўриш, дунёда ҳеч кимдан кам бўлмайдиган авлодни тарбиялаш орзуси туради.

Шунинг учун ҳам давлатимиз томонидан болалар ҳуқуқига оид қатор қонунлар қабул қилинмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 май, ПҚ-4736-сонли “Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори билан бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш, бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш ва ушбу соҳадаги халқаро мажбуриятларни бажаришнинг таъсирчан тизимини яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 апрелдаги «Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-4296-сон қарорига кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари — Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозими жорий этилганлиги маълумот учун қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 64-моддасига асосан, ота-оналар ўз фарзандларни вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурлиги қатъий белгилаб қўйилган. Дарҳақиқат, ҳар бир бола оилада яшаш ва тарбияланиш, ўз ота-онасини билиш, улар билан бирга яшаш ва уларнинг ғамхўрлигидан фойдаланиш ҳуқуқига эгадир.

Шу ўринда бир оғриқли нуқтага тўхталмасликнинг иложи йўқ, бугунги кунда суд орқали никоҳдан ажрашган ота-она фақат ўзларининг тинчини ўйлаб, вояга етмаган болаларига маънавий зарар етказаётганликларини ҳис этмаяптилар.

Аслини олганда, ажрашган эр ва хотиннинг ҳаёт йўлига эътибор берсак, ўзлари ўз ота-онасининг бағрида, уларнинг меҳрибони тафтини ҳис этиб, болаликнинг ширин дамларини туйиб вояга етган инсонлар экани кўринади. Нега энди Яратганнинг бебаҳо инъомидан вояга етмаган ўз ўғил-қизларини маҳрум этаяптилар? Болаларда гуноҳ нима? Агар ҳуқуқий баҳо берадиган бўлсак, бундай ота-оналар Бош қомусимизнинг 13-моддаси талабини бузишяпти.

Афсусланарлиси шундаки, эр ва хотин келишмасдан судда ажралгач, вояга етмаган болаларни судда ўзига берилишини талаб қиладилар, болаларнинг беғубор, тоза фикрини бузиб, бир-бирларига нисбатан ёмон таассурот қолдиришга уринадилар. Бу қанчалик тўғри? Болалигиданоқ ота ёки она меҳридан, акаси, укаси ёки опа-синглисидан маҳрум этиб қўйилса, бундай кўнгли ўксик болалар келажакда вояга етиб элим, юртим, оилам дейдими?!.

Ота-онаси ажрашгач, вояга етмаган болаларнинг моддий таъминоти-чи, яшаш жойи ҳақида нега оталар ғамхўрлик қилишмаяпти? Ха, айрим ота-оналар турмуш синовларига дош беролмай, ажрашиб кетишлари жабрини норасида болалар тортаётгани ачинарлидир.

Ота-она ўртасидаги никоҳ муносабатларининг узилиши болаларнинг моддий таъминоти ва руҳиятига таъсир этмаслиги керак. Халқимизнинг кўп асрлик анъаналарига, халқаро ҳуқуқ ва инсонийлик мезонларига амал қилиш лозим. Шу мақсадда, вояга етмаган боласи бор эр-хотинларни никоҳдан ажратишга тааллуқли барча ишлар фуқаролик ишлари бўйича туман, туманлараро судларига ўтказилиши уларга болалари билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишни назарда тутган.

Зеро, келажагимиз давомчиси бўлган болаларимизни ҳуқуқлари ва манфаатлари бир қатор қонунлар билан мустаҳкамлаб қўйилган бўлиб, улар ҳар доим ҳам давлатимиз ҳимоясидадир.

Ибодат Шоймардонова

Навоий вилоят судининг судьяси