February 15, 2021

Суд ҳокимияти коррупциядан ҳоли.

Юртимизда сўнгги йилларда суд тизимини малакали ва ҳалол кадрлар билан тўлдириш, суд органларининг фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг суд ҳокимиятига бўлган ишончини янада ошириш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Суд ҳокимияти тизимида коррупция ҳолатларини келтириб чиқарувчи сабабларни чуқур ўрганиш ва таҳлил қилиш, коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш тизимини самарали йўлга қўйиш талаб этилмоқда. Шу мақсадда 2020 йил 7 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6127-сонли фармони қабул қилинди. Фармон доирасида судьяларнинг одил судловни амалга ошириш бўйича касбий фаолиятини ҳар қандай кўринишдаги ташқи таъсирлардан самарали муҳофаза қилишни таъминлайдиган ҳуқуқий механизмларни яратиш, судьялар ва суд аппарати ходимлари орасида коррупция ҳолатларининг олдини олиш ва барвақт аниқлашга қаратилган тизимни йўлга қўйиш ҳамда суд тизимида аниқланган ҳар қандай коррупциявий ҳаракатни муросасиз ҳолат деб баҳолаш, судьяларнинг касбий малакаси, маънавияти ва масъулиятини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш орқали юксак профессионал судьялар корпусини шакллантириш йўналишлари белгилаб берилди.

Эндиликда фармон билан судларда коррупцияни келтириб чиқарувчи омилларни тизимли равишда бартараф қилиш ва унга қарши курашиш самарадорлигини ошириш борасида олиб бориладиган вазифалар сирасига, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган, фаолиятини доимий асосда амалга оширадиган Кенгаш раисининг ўринбосари лавозимини жорий қилиш, судьялар дахлсизлигини таъминлаш бўйича суд инспекцияси негизида Судьялар дахлсизлигини таъминлаш ва коррупциянинг олдини олиш бўйича суд инспекциясини тузиш, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиш шўъбаси негизида матбуот хизмати, шунингдек ижро аппарати негизида ахборот-таҳлил, мурожаатлар билан ишлаш, ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш тузилмаларини ташкил этиш киритилди.

Шунингдек, Судьялар олий кенгашининг таклифи билан судьяларнинг одил судловни амалга оширишдаги фаолиятини рағбатлантиришни йўлга қўйиш, «Ибратли судья» мукофоти, одил судловни амалга оширишда узоқ йиллар самарали меҳнат қилиб нафақага чиққан судьялар учун «Суд фахрийси» кўкрак нишони жорий этиладиган бўлди.

Тизимда олиб борилаётган шу каби ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад, жамиятда одил судловни таъминлаш, судьяларнинг чинакам мустақиллигига эришиш ва кўп миллатли халқимизнинг суд тизимига бўлган ишончини янада оширишдан иборатдир.

Гавҳар Юсупова

Учқудуқ туман иқтисодий суди архивариуси