Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш масалалари бўйича семинар-тренинг ўтказилди
Навоий вилоятида «Тараққиёт стратегияси» маркази ҳамда USAIDнинг ҳуқуқий ислоҳотлар дастури билан ҳамкорликда Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси иштирокида вилоятдаги давлат органларининг хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларини таъминлаш масалалари бўйича масъул шахсларни салоҳиятини ошириш борасида семинар-тренинг ўтказилди.
Мазкур семинарга Навоий вилоят суди судья ва суд ходимлари, Адлия бошқармаси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси ходимлари, вилоят хотин-қизлар Жамоатчилик кенгаши аъзолари ва вилоятдаги давлат органларининг хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш масалалари бўйича масъул шахслар иштирок этди, семинар-тренинг икки кунга мўлжалланган бўлиб, семинарнинг биринчи куни, 2019 йилда Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари” ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунларнинг моҳияти, уларни амалиётга тадбиқ этилиши, гендер тенглик ва хотин-қизлар ҳуқуқларига доир долзарб масалаларни ўрганишни ўз ичига қамраб олди.
Семинарда сўзга чиққан Навоий вилоят суди судьяси Гулнафис Худайбердиева, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунчилик нормалари, хотин-қизларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги иштирокини кучайтириш, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётнинг барча босқичларида ҳар томонлама иштирок этиши ҳамда қарор қабул қилишда етакчилик қилиши учун тенг имкониятларни таъминлаш, гендер тенглик тамойиллари бошқарувининг турли босқичларида давлат дастурларини қабул қилиш жараёнига тўла сингдириш каби чора-тадбирларнинг аҳамияти тўғрисида тушунтириш бериб ўтди.
Шунингдек, юқорида қайд этиб ўтилган қонун ҳужжатлари хотин-қизларни турмушда, иш жойларида, таълим муассасаларида ва бошқа жойларда тазйиқ ҳамда зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солади, тазйиқ ҳамда зўравонликни бошидан ўтказган шахсларни ҳимоя қилиш, жамиятда аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг ҳар қандай шаклига муросасиз муносабат муҳитини қарор топтиришни кафолатлатлаши таъкидланди.
Навоий вилоят суди жамоатчилик ва ОАВлар билан
алоқалар бўлими бош консультанти