“Йўл харитаси” ижроси амалда
Республика судлари раислари, судьялари ва ходимлари иштирокида 2021 йил 27 февраль куни кенгайтирилган тарзда ўтказилган Олий суд Раёсати йиғилишида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан “Йўл харитаси”га мувофиқ, вилоят суди касаба уюшмаси томонидан судья ва суд ходимлари, уларнинг оила аъзоларининг санаторий-курортларга, театрларга боришлари, маданий ҳордиқ чиқаришлари, жисмоний тарбия ва спорт турлари билан фаол шуғулланишлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш кўзда тутилган эди.
Мазкур “Йўл харитаси”нинг ижроси юзасидан жорий йилнинг июль, август ойларида судья ва суд ходимларининг 10 нафар фарзандлари Касаба уюшмаси қўмитаси ташаббуси билан ўқишдан ташқари вақтини сермазмун ўтказиш, уларни ҳам жисмоний, ҳам руҳий жиҳатдан ҳордиқ чиқаришларини таъминлаш мақсадида «Офтобжон» ва «Сармиш» оромгоҳларига юборилди.
Ёшларни жисмонан бақувват, руҳан соғлом, кучли ирода ва матонатли қилиб тарбиялашга шайланган Кармана туманида жойлашган "Офтобжон" ҳамда тоғ ён бағрида жойлашган НКМК Шимолий кон бошқармасига қарашли "Сармиш" соғломлаштириш оромгоҳида болажонларни ҳар томонлама дам олишлари учун барча шароит мужассам.
Мазкур оромгоҳлар санитария-гигиена, санитария-эпидемиология ҳамда хавфсизлик талабларига тўлиқ жавоб берадиган ва қулай шароитда болаларнинг белгиланган кундалик ҳаёт тарзига риоя этиши, сифатли овқатланиши, ижодий салоҳиятининг ривожланиши, соғлом турмуш тарзи кўникмаларининг шаклланиши, дам олдирилиши, саломатликларининг тикланиши ва мустаҳкамланиши, жисмоний тарбия, спорт ва туризм билан шуғулланишларини таъминловчи соғломлаштириш муассасаси ҳисобланади.
Айни вақтда оромгоҳда болажонлар мириқиб дам олмоқдалар.
Гулнафис Худайбердиева
Навоий вилоят суди судьяси