June 23, 2021

Учқудуқнинг олис овулидаги учрашув

Бугунги кунда суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар асосида туманимиз аҳолиси учун ташкил этилиб келинаётган сайёр учрашувлар одатий тусга кирган бўлиб, бундай ҳуқуқий тарғиботлар орқали аҳоли суд-ҳуқуқ масалаларига оид муаммоларига ечим топиб келмоқдалар. Худди шундай сайёр учрашувлардан бири жорий йилнинг 22 июнь куни Учқудуқ тумани марказидан анча олис масофада жойлашган “Узунқудуқ” овулида туман иқтисодий суди раиси Х.Турсунов, фуқаролик ишлари бўйича туман суди раиси Б.Шерматов, жиноят ишлари бўйича туман суди раиси А.Қурбонов, туман Мажбурий ижро бўлими ҳамда туман ИИБ билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Мазкур учрашувда юртимизда суд-ҳуқуқ соҳасида охирги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб моҳияти авваламбор, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш борасида илғор хорижий тажрибадан фойдаланган ҳолда миллий қонунчилигимизни такомиллаштириш учун янги қадамлар бўлаётганлиги таъкидланиб ўтилди.

Шунингдек, тадбир якунида тингловчилар томонидан берилган ҳуқуқий саволларга учрашув ташкилотчилари томонидан атрофлича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Учқудуқ туман судлари