Иқтисодий процессда адвокат учун ишончнома зарур(ми)?

Ривожланган давлатларда адвокатнинг ижтимоий ҳаётдаги ўрни анча юқори ҳисобланади. Юртимизда ҳам ҳуқуқий демократик давлатни қуришга ҳаракат қилар эканмиз адвокатура тузилмалари ва унинг вакиллари фуқароларда ҳуқуқ ва унинг ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятидаги роли ҳақида тўғри тасаввур шакллантиришлари лозим. Шунинг учун адвокатура фуқаролик жамиятининг муҳим элементларидан бири ҳисобланади ва давлат бошқаруви органлари тизимига киритилмаган мустақил тузилмадир.

Иқтисодий судлар (бундан буён матнда суд деб юритилади)га даъво ариза, аризава далиллар тақдим этиш, низо доирасида турли мазмундаги илтимосномалар билан мурожаат қилиш, даъвони исботлаш ва унга қарши эътироз билдиришда вакиллик институтининг аҳамияти юқоридир.

Шартнома бўйича вакилликнинг бири ҳисобланган адвокатларнинг ўз хизмат вазифаларига профессионал равишда ёндашиб, суд мажлисларида малакали тарзда иштирок этишиб келиши суд жараёнларининг жозибадорлигини оширади.Албатта, мазкур ижобий ютуқлар мамлакатимизда адвокатура институтини такомиллаштириш юзасидан амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасидир.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 116-моддасига кўра тергов ва суд ишини юритишнинг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланади. Фуқароларга, корхона, муассаса ва ташкилотларга юридик ёрдам бериш учун адвокатура фаолият кўрсатади. Адвокатурани ташкил этиш ва унинг иш тартиби қонун билан белгиланади.

Таъкидлаш ўринлики, ўз устида доимий ишлайдиган, билимли, тажрибали ва низонинг моҳиятига нисбатан тўғри позиция танлай оладиган адвокатларнинг профессионаллиги даъво аризасини процессуал жиҳатдан тўғри расмийлаштириш, даъвонинг асоси ва предметига нисбатан аниқ ёндашиш, илтимосномалар билан мурожаат қилиш, даъвони асослаш ёки унга қарши эътироз билдириш каби ҳаракатларда кўринади.

Шу боисдан ҳам Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг (бундан бўён матнда ИПК деб юритилади) 61-моддасида судда вакил сифатида ишларни юритиш бўйича профессионал фаолият билан фақат адвокатлар шуғулланиши мумкинлиги назарда тутилганлиги бежизга эмас, албатта.

Бироқ тан олиш лозимки, бугунги кунда иқтисодий суд ишларини юритишда адвокатнинг иштироки масаласида айрим мунозарали ҳолатлар мавжудки, ушбу мақолада мазкур ҳолатлар юзасидан хулосалар билдирилади.

Хусусан, суд мажлиси жараёнида айрим ҳолларда адвокат суд муҳокамасида иштирок этиши учун процессуал ваколатлари борлигини тасдиқловчи ҳужжат сифатида фақатгина адвокатлик ордери тақдим қилиб, барча ҳуқуқ ва ваколатлар адвокатлик ордери билан берилганлиги маълум қилишади. Бунинг учун муайян асослар бор албатта, чунки жиноят ишларида иштирок этганда мазкур ордернинг тақдим қилиниши етарли эканлигини кўришимиз мумкин.

Хўш, адвокат учун иқтисодий иш юритишда барча процессуал ваколатлар адвокатлик ордери билан бериладими ёки уларга қўшимча равишда ишончнома расмийлаштирилиши зарурми, агарда зарур бўлса, унинг адвокат учун қанчалик аҳамияти бор, адвокатдан иқтисодий суд иш юритувида адвокатлик ордери билан бир қаторда ишочнома ҳам сўралиши уларнинг профессионал фаолиятига ва эркинлигига ўзининг салбий таъсирини кўрсатмайдими?

Қуйида мазкур ҳолатларга атрофлича ва холисона жавоб топишга ҳаракат қиламиз.

Дарҳақиқат, Жиноят-процессуал кодексининг 49-моддасида ҳимоячи гумон қилинувчиларнинг, айбланувчиларнинг, судланувчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини қонунда белгиланган тартибда ҳимоя қилишни амалга ошириш ҳамда уларга зарур юридик ёрдам кўрсатиш ваколатига эга бўлган шахс эканлиги, ишда ҳимоячилар сифатида адвокатлар иштирок этишлари мумкинлиги, адвокатнинг ишда иштирок этишига у адвокат гувоҳномасини кўрсатганидан ва муайян ишни юритишга ваколатли эканлигини тасдиқловчи ордерни тақдим этганидан кейин йўл қўйилиши назарда тутилган бўлиб, бу орқали адвокатларга жиноят иши юритишнинг исталган босқичида ҳимоячи сифатида иштирок этиш механизмининг соддалаштириш йўли билан фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини самарали ҳимоя қилиш имконини беради ҳамда ҳимоя остидаги шахсни бўлиши мумкин бўлган турли кўринишдаги тазйиқ ва босимлардан сақлаб қолади.Шунингдек, маълум бир тоифадаги ишлар борки, мазкур ишларда ҳимоячининг ишда иштирок этиши шарт эканлиги жиноят-процессуал қонунчилигида алоҳида белгиланган.

ИПК 61-моддасига мувофиқ, агар қонунда бу бевосита назарда тутилмаган бўлса, қуйидагилар шартнома бўйича (ихтиёрий) вакиллар бўлиши мумкин:

1) адвокатлар;

2) юридик шахсларнинг ходимлари — шу юридик шахсларнинг ишлари бўйича;

3) нотижорат ташкилотларининг ваколатли вакиллари — шу ташкилотлар аъзоларининг ишлари бўйича;

4) қонунда бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳуқуқи берилган нотижорат ташкилотларининг ваколатли вакиллари;

5) биргаликдаги процессуал иштирокчилардан бири бошқа биргаликдаги иштирокчиларнинг топшириғи бўйича;

6) ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимосига биноан суд томонидан рухсат берилган бошқа шахслар.

Судда вакил сифатида ишларни юритиш бўйича профессионал фаолият билан фақат адвокатлар шуғулланиши мумкин.

Юқоридагилардан кўринадики, жиноят-процессуал қонунчилигидан фарқли равишда иқтисодий процессуал қонунчиликда адвокатнинг иқтисодий суд мажлисларида иштирок этиши мажбурий эканлиги назарда тутилмаган ва у ихтиёрийликка ҳамда тарафларнинг хоҳиш-иродасига асосланади.

Ишончноманинг расмийлаштирилганлиги адвокатга уни вакил қилган шахс номидан қандай процессуал ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқи берилганлигини ҳамда судда иш юритиш ваколатлари мавжудлигини кўрсатади.Хусусан, ИПК 62-моддасида вакилнинг (эътиборли жиҳати адвокатлар ҳам иқтисодий суд мажлисларида вакил сифатида иштирок этади) судда иш юритишга доир ваколатлари қонунга мувофиқ берилган ва расмийлаштирилган ишончномада кўрсатилган бўлиши кераклиги қайд этилган.

Мисол учун, иқтисодий иш муҳокамаси жараёнида даъвогарнинг жавобгарга нисбатан қарздорлик суммасини ундириш тўғрисидаги даъвосидан воз кечиш тўғрисида адвокат томонидан имзоланган ариза тақдим қилинганда суд, авваламбор, мазкур вакилда даъводан воз кечиш ваколати ишончномада махсус назарда тутилганлигини текширади. Агарда мазкур ваколат ишончномада адвокатга берилган бўлса, ариза ваколатли вакил томонидан берилган ҳисобланиб, мазмунан кўриб чиқилади, агарда ушбу ваколат берилмаган бўлса, аризани қаноатлантириш рад қилинади.

Худди, шунингдек, даъво аризасини имзолаш, ишни ҳакамлик судига топшириш, даъво талабларидан қисман ёки бутунлай воз кечиш ва даъвони тан олиш, даъво предметини ёки асосини ўзгартириш, келишув битими, медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тўғрисидаги келишув ёки медиатив келишувни тузиш, ваколатларни бошқа шахсга топшириш (ишониб топшириш), суд ҳужжати устидан шикоят қилиш, қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги аризани имзолаш (суд ҳужжатининг мажбурий ижро этилишини талаб қилиш, ундирилган мол-мулкни ёки пулни олиш мустасно) каби ваколатлар ишончномада махсус назарда тутилган бўлиши лозимлиги ИПК 63-моддасида назарда тутилган.

Бундан ташқари, ИПКнинг 62-моддасида шартнома бўйича вакил сифатида ҳаракат қилувчи шахс (бундан адвокат мустасно) ишончномадан ташқари судга шартнома бўйича вакил мақомини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этиши белгиланганлиги ҳам вакил сифатида суд муҳокамасида иштирок этаётган адвокат томонидан ишончнома тақдим этишлари шартлигини билдиради.

Ушбу ҳолатда адвокат шартнома бўйича вакил сифатида ҳаракат қилганда юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги битим (шартнома)ни тақдим этиши шарт эмаслиги белгиланмоқда, бироқ ишончномага тақдим этилишига оид талабнинг адвокат иштироки учун кераклиги масаласи бу ўринда яна очиқ қолмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг2019 йил 24 майдаги “Биринчи инстанция суди томонидан иқтисодий процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 13-сон қарорида белгиланишича ҳуқуқий маслаҳатхона ёки адвокатлик ҳайъати (бюроси, фирмаси) томонидан берилган ордер адвокатга ҳуқуқий ёрдам сўраб мурожаат қилган шахснинг манфаатларини ҳимоя қилиш ҳуқуқини беради, бироқ у ишончноманинг ўрнини босмайди ҳамда адвокатга ИПКнинг 63-моддасида махсус назарда тутилган процессуал ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқини бермайди.

Амалиётда Пленум қарорининг ушбу нормасининг ўзи ҳам икки хил талқин қилинади. Хусусан, судлар ордер адвокатга ҳуқуқий ёрдам сўраб мурожаат қилган шахснинг манфаатларини ҳимоя қилиш ҳуқуқини беради, бироқ у ишончноманинг ўрнини босмайди деган важ билан, ордердан ташқари ишоннома ҳам тақдим этиш талабини қўйишади. Адвокатлар эса ўз навбатида ишончнома фақат ИПК 63-моддасида назарда тутилган процессуал ҳаракатларни амалга ошириш учунгина кераклигини таъкидлашади.

Демак, иқтисодий суд иш юритувида адвокат иштироки масаласида иқтисодий суд ишларини юритиш иштирокчиларида турли хил ёндашув мавжуд.

Шу ўринда,Ўзбекистон Республикасининг“Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги Қонунининг 4-моддасига кўра муайян ишни олиб боришга адвокатнинг ваколатли эканлиги ордер билан тасдиқланади.Адвокат, тараф сифатида, суд ишларини юритишнинг ҳамма босқичида процесснинг барча иштирокчилари билан тенг ҳуқуқларга эга.

Мазкур қонуннинг 7-моддасига асосан адвокатлик фаолиятини амалга оширишда бирон-бир махсус рухсатнома (ордер ва адвокат гувоҳномасидан ташқари) талаб қилиш ёки бошқа тўсиқлар вужудга келтириш ман этилади.

Фикримизча фуқаролик ишлари бўйича судларда адвокат иштироки ва унинг процессуал ваколатлари чегараси бир мунча содда ва аниқ кўринишда тартибга солинган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Вакилликка доир фуқаролик процессуал қонунчилиги нормаларининг судлар томонидан қўлланилиши тўғрисида”ги қарори 13-бандида баён этилишича адвокат ишга киришиши учун адвокатлик гувоҳномаси ва адвокатлар тузилмаси томонидан берилган ордер тақдим этилиши кифоя бўлиб, у адвокатга юридик ёрдам сўраб мурожаат этган шахс манфаатларини судда ҳимоя қилиш ҳуқуқини (ФПК 69-моддаси иккинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқлардан ташқари) беради.

Таҳлилларга чуқурроқ ёндашиш ва миллий қонунчиликка муайян таклифларни ишлаб чиқиш мақсадида хорижий мамлакатларда ушбу масалага қандай ёндашилганини ўрганиш мақсадга мувофиқ, назаримизда.

Россия Федерацияси Арбитраж процессуал кодексининг 61-моддасига асосан арбитраж суд иш юритувида адвокатнинг ваколатлари федерал қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тасдиқланади. Российской Федерацияси Адвокатлик фаолияти ва адвокатура тўғрисидаги федерал қонуннинг 6-моддасига кўра адвокатнинг ваколатлари ордер билан тасдиқланади. Бошқа ҳолларда адвокат ишонч билдирувчига ишончнома асосида вакиллик қилади.

Россия Федерацияси Фуқаролик процессуал кодексининг 53-моддаси бешинчи қисмига кўра судда адвокатнинг вакил сифатидаги иштироки тегишли адвокатлик тузилмаси томонидан берилган ордер билан тасдиқланади. Бошқача қилиб айтганда, агар Россия Федерацияси Фуқаролик процессуал кодексининг
53-моддасида ёзилгани каби аниқ тартиб белгиланган бўлмаса, арбитраж процессида вакил сифатида адвокат иштироки учун ишнчнома зарур ҳисобланади.

Россия Федерацияси Олий арбитраж судининг Пленумининг 2002 йил 9 декабрдаги “Россия Федерациясининг Арбитраж процессуал кодексини амалга киритиш билан боғлиқ айрим масалалари тўғрисидаги” 11-сон қарорининг
11-бандида тушунтириш берилишича Россия Федерацияси Адвокатлик фаолияти ва адвокатура тўғрисидаги федерал қонунининг 6-моддаси иккинчи қисмига асосан адвокат ишонч билдирувчига ишончнома асосида вакиллик қилади, федерал қонунларда белгиланган бошқа ҳолларда эса тегишли адвокатлик тузилмаси томонидан берилган ордер асосида вакиллик қилади.

Кўриб турганимиздек, Россия Федерацияси қонунларида арбитраж суд иш юритувида ҳам адвокатнингпроцессдаги иштироки учун ордер ва ишончноманинг чегараси аниқ белгиланмаган. Хусусан, адвокатнинг тегишли равишда расмийлаштирилган ордери бўлган ҳолда ишончномаси йўқлиги сабабли суд процессига қўйилмагани амалиётда тез-тез учраб турадиган муаммолардан бири ҳисобланади

Энг қизиғи биринчи инстанциянинг ушбу ҳаракати назорат инстанциясида ҳам қўллаб-қувватланган ва судда адвокатнинг ваколатларини тасдиқловчи, тегишли равишда расмийлаштирилган ишончноманинг тақдим этилмаганлиги сабабли унинг иштирокига йўл қўйилмаганлиги асосли деб топилган

Аксарият ҳолларда, Россия Федерацияси Олий арбитраж суди адвокат томонидан ишончнома тақдим этилмаганда унинг суд мажлисида иштирок этишига йўл қўйилмаслигини асосли деб ҳисоблайди.

Қонун нормаларининг ноаниқлигига эътибор қаратган Е.А.Трешёва арбитраж процессида адвокат ваколатларини тасдиқлаш учун ордернинг тақдим этилиши ноқонуний ҳолат деб баҳолайди ва адвокат ишда иштирок этиши учун ўз ваколатларини ишончнома билан тасдиқлаши лозимлигини таъкидлайди

Бу фикрларга қарши чиққан ҳолда Н.Г.Лившиц, агар адвокат арбитраж судига қонунда белгиланган тартибда расмийлаштирилган ордер тақдим этса, унинг вакил сифатидаги ваколатлари тасдиқланган деб топилиши керак деб ҳисоблайди.

Қозоғистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 58-моддасига мувофиқ адвокатнинг мазкур иш бўйича вакиллигини тасдиқловчи ордер ва адвокатлик гувоҳномаси билан адвокат зарур бўлган барча процессуал ҳаракатларни амалга оширишга ҳақли. Кодекснинг 60-моддаси биринчи қисмида саналган процессуал ҳаракатларни амалга ошириш учун ушбу ваколатлар ишончномада кўрсатилган бўлиши керак.

Қозоғистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 61-моддасига кўра муайян бир иш бўйича адвокатнинг ваколатлари Қозоғистон Республикасининг “Адвокатлик фаолияти ва юридик ёрдам тўғрисида”ги қонунида белгиланган тартибда адвокатлик гувоҳномаси ва вакилликни тасдиқловчи ёзма маълумотнома (муаллиф изоҳи – ордер) билан тасдиқланади. Кодекснинг 60-моддаси биринчи қисмида кўрсатилган процессуал ҳаракатларнинг адвокат томонидан амалга оширилиши ишончнома билан тасдиқланади.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики Қозоғистон Республикаси фуқаролик процессуал қонунчилигида иқтисодий судларда адвокатнинг иштироки билан боғлиқ масалалар аниқ ва лўнда тарзда баён қилинган.

Фикримизча, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2019 йил 24 майдаги “Биринчи инстанция суди томонидан иқтисодий процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 13-сон қарори 14-банди бешинчи хатбошисини қуйидаги таҳрирда баён этиш мақсадга мувофиқ:

“Ҳуқуқий маслаҳатхона ёки адвокатлик ҳайъати (бюроси, фирмаси) томонидан берилган ордер адвокатга ҳуқуқий ёрдам сўраб мурожаат қилган шахснинг манфаатларини ҳимоя қилиш ҳуқуқини беради. Бироқ, ИПКнинг 63-моддасида махсус назарда тутилган процессуал ҳаракатларни амалга ошириш учунтегишли тартибда расмийлаштирилган ишончнома талаб этилади”.

Ўйлаймизки, Пленум қарорида ушбу хатбошисининг таклиф этилган таҳрирда баён этилиши, суд процессида адвокатнинг ваколатларини аниқлаш жараёнида мунозарали ҳолатларга барҳам бериш баробарида юридик ва жисмоний шахсларнинг малакали ҳуқуқий ёрдам олиш имкониятига янада кўпроқ замин яратади.

Хулоса ўрнида айтишимиз мумкинки, иқтисодий суд томонидан адвокатдан ишончноманинг сўралиши адвокатлик фаолияти эркинлигининг бузилиши ёки мазкур фаолиятга тўсиқ деб эмас, балки судда иш юритиш ваколатларининг аниқ белгиланиши ва суд жараёнларида процессуал ваколатлардан самарали фойдаланиш имкони бериш деб тушуниш мақсадга мувофиқдир.

Авезов Косим Сафарович

Тошкент вилояти Зангиота туманлараро иқтисодий судининг судьяси, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD)

Ғофуров Шерзод Шавкатович

Навоий вилояти Зарафшон туманлараро иқтисодий судининг раиси