August 26, 2021

Автомобиль мактабида сайёр учрашув ўтказилди

Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, сайловларнинг умум эътироф этилган халқаро нормаларга мос, фуқаролар хоҳиш-иродасини эркин билдиришни кафолатлайдиган, ҳар бир инсоннинг давлат ҳокимияти вакиллик органларига эркин сайлаш ва сайланиш ҳуқуқини таъминлайдиган ҳуқуқий асосга эга бўлди. Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга қаратилган бир қатор қонун ҳужжатларига ҳам ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, юртимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим ўрин тутган сайловларни ўтказишнинг бош тамойили ҳисобланган Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси қабул қилинди. Мустақил Ўзбекистонимизнинг навбатдаги Президентлик сайлови куни октябрь ойи охирига яъни, 2021 йил 24 октябрь кунига белгиланган бўлиб, шу боис хам сайлов жараёнларини кенг оммага тарғиб қилиш тадбирлари ташкил этилмоқда. Шу муносабат билан жорий йилнинг 25 август куни Учқудуқ туман “Ватанпарвар” автомобиль мактаби биносида туман иқтисодий суди раиси Х.Турсунов, фуқаролик ишлари бўйича туман суди раиси Б.Шерматов, жиноят ишлари бўйича туман суди раиси А.Қурбонов ҳамда мактаб ходимлари ва ўқувчилари иштирокида сайёр учрашув ташкил этилди. Учрашув давомида сайловлар замонавий демократиянинг муҳим институти, халқ ўз хоҳиш-иродасини билдириши ҳамда сиёсий жараёнларда, жамият ва давлат ишларини бошқариш, шу жумладан, ҳокимиятнинг вакиллик органларини шакллантиришда иштирок этишининг асосий воситаларидан бири ҳисобланиб, эркин сайловлар нафақат ҳокимиятни шакллантириш тамойили, айни вақтда унинг халқ олдидаги масъулияти ифодаси экани, мустақил ҳамда холис сайлов комиссияларини шакллантириш халқаро сайлов ҳуқуқининг энг муҳим талабларидан бири ҳисобланиши хусусида фикр юритилди.

Учрашув якунида қатнашчилар сайлов жараёнларига тааллуқли бўлган ўзларини қизиқтирган саволлари юзасидан ҳуқуқий маълумотларга эга бўлдилар.

Гавҳар Юсупова

Учқудуқ туман иқтисодий суди архивариуси