Коррупцияга қарши курашиш барчамизнинг бурчимиздир
Юртимиз мустақилликнинг илк кунлариданоқ ўзига хос тараққиёт йўлини танлади. Бу йўл миллий ва умуминсоний қадриятларни ўзида ифодалаган, бозор муносабатларига асосланган ҳуқуқий демократик давлат ва адолатли фуқаролик жамиятини қуриш, халқимизга ҳеч кимдан кам бўлмаган муносиб турмуш шароитини яратиб беришдан иборат. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тараққиётнинг ушбу моделини ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш, миллий давлатчилик ва унинг ижтимоий-сиёсий тизимини яратиш, демократик тамойиллар асосига қурилган сиёсий ва иқтисодий тизимни ривожлантириш учун ҳуқуқий пойдевор вазифасини ўтамоқда.
Адолат, инсон шаъни, қадр-қиммати ва эркинлиги башарият муқаддас деб билган тушунчалар сирасидан ҳисобланади. Адолат борки, давлатнинг қудрати ошади, адолат борки, жамият ривож топади. Шаъни, қадр-қиммати, эркинлиги ҳимояланган инсонгина келажакка умид кўзи билан қарайди. Мустақиллик бизга айнан шундай-ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари мустаҳкам ҳимояланган, адолатли ва қудратли давлат қуриш имконини берди.
Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда қисқа даврда коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий механизми яратилганини таъкидлаш лозим. Яъни 2017 йил 3 январда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилингани ўта муҳим қадам бўлди.
Мазкур қонуннинг мақсади-коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишдан иборат.
Айтиш керакки, қонунда коррупция, коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ва манфаатлар тўқнашувига доир тушунчаларга аниқ тарифлар берилган. Бу ўз навбатида фуқароларга коррупция қандай салбий иллат эканини англаш ва коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик нима экани ҳақида тегишли маълумотга эга бўлиш имконини беради.
Конституциямизнинг 13-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади.
Мазкур Қомуснинг 44-моддасида ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланган.
Бундан англаш мумкинки, ҳар бир шахс нафақат ўз ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилади, балки ўз ҳуқуқларини тиклаш имкониятига ҳам эга.
Бизнинг давлатимизда суд мажлиси(муҳокамаси) очиқ ҳисобланиб, истаган шахс уни кузатиш ҳуқуқига эга(қонунда назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно)
Мамлакатимизда фуқароларнинг суд орқали ҳимояланиш кафолатлари жиддий тарзда кучайтирилганки, ушбу кафолатдан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтириш бўйича кенг кўламда чора-тадбирлар амалга оширилиши натижасида суд амалиётида умумий юрисдикция судларига таалуқли бўлган фуқаролик ишлари сони кўпайди.
Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузадиган ғайриқонуний ҳаракатлар устидан қилинган шикоятларни судларда кўриш амалиётида келиб чиқаётган муаммоларни бартараф қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми томонидан “Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар ва қарорлар устидан судга шикоят қилиш тўғрисида”ги қарор қабул қилинди.
Мазкур қарор судларда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузадиган ғайриқонуний хатти-ҳаракатлар устидан берилган шикоятлар юзасидан адолатли ва қонуний ҳал қилув қарорлари қабул қилинишида раҳбарий кўрсатма вазифасини ўтамоқда. Қонунчилигимизда фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳимояси кафолати сифатида шундай тартиб белгиланганки, давлат бошқарув органлари ва мансабдор шахсларнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан шикоятлардан давлат божи суднинг ҳал қилув қарори чиқарилишида айбдор шахслардан ундирилади.
Буларнинг барчаси Конституцияда мустаҳкамланган суд орқали ҳимоя ҳуқуқининг миллий қонунчилигимизда ўз ифодасини топганидан, давлатимизда инсон ҳуқуқи ҳимояси устувор вазифа эканлигидан далолат беради.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 29.06.2020 йилда “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига асосан 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурини изчил рўёбга чиқариш, шунингдек, жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишга қаратилган давлат сиёсатининг самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди.
Агентлик ходимлари ўз ваколатлари доирасида коррупциянинг сабаб ва шарт-шароитларини ўрганиш ҳамда таҳлил қилиш мақсадида давлат органлари ва ташкилотлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, ушлаб турилганларни ва қамоққа олинганларни сақлаш жойлари, жазони ижро этиш муассасаларига монеликсиз киришга ва ҳужжатлар билан танишишга ҳақли.
Коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари мажбурий равишда Агентлик билан келишилиши лозим.
Хулоса қилиб айтганда, юқорида таъкидланган Қонун ва Фармон нафақат коррупцияга қарши курашиш механизмини мустаҳкамланиши, такомиллаштирилиши, давлат хизматига “ҳалоллик вакцинаси”ни жорий этиш ва шу асосида фаолият кўрсатишини талаб этади. Бу мамлакатимизда соғлом муҳит қарор топишига, ижтимоий-сиёсий барқарорликнинг янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.
Шерали Очилов
ФИБ Кармана туманлараро суди судьяси