"14 январь-Ватан ҳимоячилари куни" муносабати билан тадбир ташкил этилди
Учқудуқ туман иқтисодий суди раиси Х.Турсуновнинг ташаббуси билан Учқудуқ туман 1-сонли мактабгача таълим муассасаси тарбияланувчилари билан биргаликда тумандаги 99818-сонли ҳарбий қисмда “Ўсиб келаётган ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш” тамойилини қўллаган ҳолда учрашув ташкил этилди. Учрашувда ёш авлодга она юртни севиш, уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, истиқболи, осойишталиги ва фаровонлиги йўлида курашиш ҳар бир фарзанднинг бурчи эканлиги, мамлакатимиз Қуролли Кучлари, мудофаа салоҳияти тўғрисида маълумот бериб ўтилди.
Сўнгра, Учқудуқ туман судлари раислари, туман адлия бўлими ҳамда туман мудофаа бўлими бошлиқлари билан ҳамкорликда ҳарбий қисмнинг мажлислар залида ҳарбийлар иштирокида “14 январь – Ватан ҳимоячилари куни” муносабати билан тадбир ташкил этилди.
Тадбирда сўзга чиққанлар юртимизда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш борасида янгича ёндашувлар жорий этилганлиги, шу билан бирга, ўзи яшаётган юрт тупроғини муқаддас билиб, Ватан ҳимояси учун доимо шай туришни бурч деб ҳисоблаган ҳарбийларимиз байрамининг нишонланиши халқимизнинг ўз миллий армиясига нисбатан чексиз ҳурматини, алп йигитларига нисбатан ифтихорини ифодалашини таъкидлаб ўтишди.