May 11, 2021

Судьялар ёшлар билан учрашишди

Фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро суди ҳамда Кармана туманидаги 7-мактаб маъмурияти ўртасида тасдиқланган тарғибот режасига кўра, 2021 йил 11 май куни таълим муассасасидаги ўқувчилар иштирокида “Суд ва ёшлар” мавзусида тадбир ўтказилди.

Тадбирда фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро суди раиси Нодиржон Расулов, судьялар Бахтиёр Қутлиев ва Рустам Кенджаев томонидан ёш авлодга қонунларнинг амалда қўлланилиши, содир этилган ҳуқуқбузарлик ва жиноят учун жазо муқаррарлигини англаши лозимлиги борасида тушунтиришлар берилди.

Суд раиси Расулов, бугунги кунда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳаси ҳамда ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилган ислоҳотлар хусусан, бу борада қабул қилинган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти борасида ўқувчи ёшларга тушунчалар берди.

Судьялар Қутлиев, Кенджаев томонидан эса бугунги кунда яратилган шароитлардан унумли фойдаланиш, чуқур билим олиш, интернет оламида ёт оқим ва ғоялар ҳамда кераксиз ахборотлардан фойдаланмаслик юзасидан маъруза қилинди.

9А-синф ўқувчиси Уйғунзода Настариннинг оқланган шахсларга етказилган зарарни қоплаш тартиби, вояга етмаган болаларни ҳуқуқлари, Муниса Зоированинг суд ишларини кўриб чиқишда фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданияти қанчалик муҳим омил бўлиши ҳамда Салимова Чароснинг суд қарорларидан норози бўлган фуқароларнинг шикоят бериш тартиби ва уни кўриб чиқувчи судлар борасида берган саволларига судьялар томонидан батафсил жавоблар берилди.

Тадбир иштирокчилари томонидан келгусида суд биносида бўладиган очиқ суд мажлисида ўқувчиларни иштирок этиши, уларга суд жараёнларини кўрсатиб бериш юзасидан келишиб олинди.

Маъмура Тиллаева

Фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро суди судья ёрдамчиси