Учқудуқ туман Тиббиёт бирлашмасида давра суҳбати ўтказилди
Жорий йилнинг 20 сентябрь куни Учқудуқ туманидаги Тиббиёт бирлашмасида Учқудуқ туман суди раислари томонидан суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар шунингдек, қабул қилинган янги қонунлар ҳамда "Одам савдоси"га қарши курашиш тўғрисидаги қонуннинг мазмун-моҳияти тушунтириб ўтилди.
Бугунги кунга келиб долзарб мавзу ҳисобланган одам савдоси сингари трансмиллий жиноятларнинг инсон хавфсизлигига ҳуруж қилаётгани боис, улардан жабр чекаётганлар, афсуски, кўпчиликни ташкил этади. Одам савдоси айниқса, чақалоқ савдосидек оғир жиноят инсон тақдири ва келажагини оёқ ости қилиши билан нақадар жирканч кўринишга эга эканлигини алоҳида таъкидлаш лозим.
Жиноятчиликнинг ушбу турига қарши курашиш ва унинг олдини олиш мақсадида суд раислари Учқудуқ туман Тиббиёт бирлашмаси шифокор ва хамширалари билан учрашув ўтказишди.
Учрашувда, бугунги кунда одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар камайган бўлса-да, бу йўналишда содир этилган умумий жиноятлар орасида чақалоқ савдоси билан боғлиқ жиноятлар юқорилигича қолаётгани бораси сўз борди.
Бу каби жиноятларни олдини олиш борасида хушёрликни ошириш лозимлиги қатъий талаб эканлиги таъқидлаб ўтилди.
Шунингдек, Одам савдоси хусусан, чақалоқ савдосига оид жиноят содир қилганлик учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси
135-моддаси 3-қисмининг “а” банди бўйича жавобгарлик белгиланганлиги, ушбу модда санкциясида саккиз йилдан ўн икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилганлиги қайд этилди.
Умуман одам савдосини олдини олиш ва унга қарши курашиш йўналишида Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 17 августда “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги янги таҳрирда Қонуни қабул қилинганлиги, одам савдосига қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комиссияси, одам савдосидан жабрланганлар учун Республика реабилитация маркази ҳамда марказнинг вилоятлардаги филиаллари фаолият олиб бораётгани айтиб ўтилди.
Хулоса қилиб айтганда, жиноятларни олдини олиш, қонун устуворлиги ва ижтимоий адолатни таъминлаш, фуқароларнинг тинч ва тотув яшашига хизмат қилади.
Хуршид Турсунов Учқудуқ туман иқтисодий суди раиси
Шахбоз Бахронов Учқудуқ туман иқтисодий суди девонхона мудири