Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 8 июнь кунидаги ПФ-6243-сонли Фармони мазмун-моҳияти юзасидан Хатирчи туман хокимлиги биносида учрашув ўтказилди
Жиноят ишлари бўйича Хатирчи туман судининг раиси С.Бўтаев, судьяси Ҳ.Тухтаев, фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман судининг раиси Б.Бабақулов ва судьяси З.Утамуродов Хатирчи туманида фаолият олиб борувчи корхона, муассаса ва ташкилотларнинг ходимлари иштирокида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 8 июндаги “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6243 сонли Фармони мазмун-моҳияти юзасидан давра суҳбати ўтказилди.
Фармонга мувофиқ, 2021 йил 1 августдан бошлаб, ер участкалари хусусий секторга, мулк ва ижара ҳуқуқи асосида, давлат органлари, муассасалари, корхоналари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратиши, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар барча турдаги қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари иштирок эта оладиган, натижалари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарори билан тасдиқланадиган очиқ электрон танлов якунларига кўра, фақат ижара ҳуқуқи асосида ажратилиши, энг яхши таклифни танлаш орқали аниқланадиган, қиймати камида 10 миллион АҚШ доллари эквивалентида (ер майдони ҳажмига кўра ортиб боради) бўлган йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учунлойиҳа қийматининг камида 10 фоизига тенг мaблaғ аввалдан махсус ҳисоб рақамга жойлаштирилганда, Вазирлар Маҳкамаси 2021 йил 1 августдан бошлаб, ер участкаларини тўғридан-тўғри ижарага беришга ҳақли эканлиги шунингдек, туман ва шаҳар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни белгилаш, эътироф этиш, ўзгартириш, бекор қилиниши ҳақида гапириб ўтилди.
Бундан ташқари туман судларининг раислари томонидан, Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 12 августдаги “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни ҳақида ҳам тушунтиришлар берилиб, одам савдосига қарши курашиш жумладан, айни вақтларда жамиятда тез-тез учраб турган чақалоқ савдосига қарши курашиш чоралари, бу қилмишлари учун белгиланган жавобгарлик ва жазо муқаррарлиги ҳақида маълумот берилиб, жиноятларни олдини олиш учун хушёрликни ошириш лозимлиги таъкидланди.
ХАТИРЧИ ТУМАН СУДЛАРИ