Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари замирида Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги қонуни янги таҳрирда қабул қилинди
Бугун юртимизда суд-ҳуқуқ соҳаси тубдан ислоҳ этилиб, суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга қаратилган ҳуқуқий асослар яратилди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш ҳамда судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.
Давлатимизда халқ ва юрт келажагини ўйлаб олиб борилаётган изчил сиёсат аҳолининг барча қатлами манфаатларини ифода этмоқда.
Суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар, янги қабул қилинган қонунлар жумладан, янги таҳрирдаги қабул қилинган “Судлар тўғрсида”ги қонун
мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш мақсадида жорий йилнинг
17 август куни Учқудуқ туман 7-сонли мактаб биносида Учқудуқ туман иқтисодий суди раиси Х.Турсунов, жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси А.Қурбонов, фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси Б.Шерматовлар ташаббуси билан тарғибот тадбири ташкил этилди.
Тадбирда туман суд раислари, Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 15 июнда қабул қилинган, Сенат томонидан
2021 йил 26 июнда маъқулланган, Президентимиз томонидан 2021 йил
28 июль куни имзоланган Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги қонуни мамлакатимиз суд-ҳуқуқ соҳасидаги изчил ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлганлиги, мазкур қонун 14 боб,
101 моддадан иборат бўлиб, унда белгиланган нормалар судьяларнинг чинакам мустақиллиги ва даҳлсизлигини таъминлаш, судлар фаолиятининг самарадорлиги ва нуфузини ошириш, судларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, фуқаролар ва юридик шахсларнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилганлиги айтиб ўтилди.
Тадбир сўнгида алимент ундириш масаласи юзасидан мурожаат қилган фуқароларга туман суд раиси Б.Шерматов томонидан ҳуқуқий тушунтириш берилди.
Руслан Джўраев
Учқудуқ туман иқтисодий суди
судья ёрдамчиси