May 5, 2021

Жамиятимиз, оилаларимиз фахри ва файзи бўлган кексаларимизни ардоқлаш энг муқаддас қадрият

Ҳар йили 9-май иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабанинг қутлуғ санаси мамлакатимизда “Хотира ва қадрлаш куни” сифатида кенг нишонлаб келинмоқда.

Халқимизнинг қадр-қиммати, ор-номусини, миллий анъаналаримиз ва урф-одатларимизни ҳимоя қилиш, босқинчи ва ёвуз кучларга қарши машаққатли курашларда букилмас ирода ва жасорат намунасини амалда намоён этиб, бугунги тинч ва осойишта кунлар учун жонини фидо қилган аждодларимизнинг хотирасини ёд этиш, урушдан омон қайтиб жамиятимиз, оилаларимиз фахри ва файзи бўлган кексаларимизни ардоқлаш энг муқаддас қадриятга айланган.

Давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёевнинг 2021 йил 20 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ижросини таъминлаш мақсадида Учқудуқ туман иқтисодий суди раиси Х.Турсунов, фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси Б.Шерматов, жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси А.Қурбонов, туман адлия бўлими бошлиғи Й.Эрмаматов ҳамда туман мудофаа бўлими бошлиғи Ж.Мусалмановлар Учқудуқ туманидаги уруш ва меҳнат фронти қатнашчилари холидан хабар олиш мақсадида И.Жалмурзаев ва У.Исмойилова хонадонларига ташриф буюришди.

Ташриф давомида яқинлашиб келаётган 9-май Хотира ва қадрлаш куни, иккинчи жаҳон урушида қозонилган буюк Ғалабанинг 76 йиллиги муносабати билан масъул идора вакиллари томонидан эзгу тилак ва истаклар билдирилиб, совға-саломлар топширилди. Шунингдек, кексаларимиз меҳмонлар билан дилдан суҳбат қуриб, уруш воқеалари, кўрган-кечирганлари, уруш ва урушдан кейинги йилларнинг азоб-уқубати тўғрисида сўзлаб берди.

Ҳозирги тинч-осойишта ва фаровон ҳаётимизнинг қадрига етиш, тинчликни асраб-авайлаш ҳамда олиб борилаётган ислоҳотларга муносиб ҳисса қўшиш лозимлиги бўйича ўзининг доно маслаҳатларини билдирди.

Бу каби учрашувлар туман бўйлаб яна давом этади!

Учқудуқ туман судлари