Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари мамлакатимизда изчил давом этмоқда!
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасида адолат давлатчиликнинг мустаҳкам пойдевори эканлигини алоҳида таъкидлади.
Мурожаатномада жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ соҳасини такомиллаштириш масалаларига алоҳида урғу берилган. Чунки, жамият тараққиёти қонун устуворлиги ва суд ҳокимиятининг мустақиллиги билан чамбарчас боғлиқдир.
Сўнги тўрт йил давомида суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ этиш борасида 40 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилингани мамлакатимизда шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга қаратилаётганлигининг яққол мисолидир.
Биргина 2020 йилнинг ўзида ушбу соҳани янада ривожлантириш, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини ошириш, юксак маънавиятли, чуқур билим ва ҳаётий тажрибага эга судьялар корпусини шакллантириш, судья ва суд ходимларининг ижтимоий муҳофазасини кучайтириш ҳамда суд муҳокамаларининг шаффоф ва ошкора бўлишига эришишга қаратилган 4 та қонун ҳужжати қабул қилинганининг ўзиёқ соҳа мутахассисларида аввало ғурур-ифтихор ҳиссини уйғотди.
Хусусан, Президентимизнинг 2020 йил 24 июлдаги қабул қилинган “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони фуқароларнинг судларга бўлган ишончини мустаҳкамлашда, одил судловга эришишда қолаверса, қонуний суд қарорларини қабул қилишда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Президентимизнинг 2020 йил 10 августда қабул қилинган «Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони эса суд-тергов босқичида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларига сўзсиз риоя этилишини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Ушбу ҳужжат суриштирув ва тергов ҳаракатларининг сифатини оширишга, шахсга нисбатан қонунга зид хатти-ҳаракатлар содир этилишининг олдини олишга, тергов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишга, суриштирув ва дастлабки тергов органларининг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлашга ва кадрлар салоҳиятини оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Мазкур фармонлар асосида бир-бирини такрорлайдиган суд босқичлари қисқартирилди. Одил судловга хос бўлмаган ишларни назорат тартибида кўриш амалиёти бекор қилинди. Фуқаролик, иқтисодий ва жиноят ишлари бўйича вилоят даражасидаги 3 та суднинг битта суд сифатида бирлаштирилиши аҳоли ва тадбиркорларга катта қулайликлар яратмоқда.
Шу билан бирга, жиноят содир этишда гумон қилинаётган ёки айбланаётган шахслар ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш юзасидан муҳим чоралар белгиланганди. Бу эса, ҳеч бир фуқаро ноҳақлик ва адолатсизликдан жабр кўрмаслигини, ҳуқуқини тиклашни истаб ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд идоралари ўртасида овора-сарсон бўлмаслигини кафолатлайди.
Маълумки, судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш дастурининг ижроси натижасида судларга масофадан туриб мурожаат қилиш учун шароит яратилди. Суд мажлисларида видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланиб иштирок этиш, судьялар ўртасида ишларни автоматик тарзда тақсимлаш, суд қарорларини Интернет тармоғида эълон қилиш, ижро ҳужжатларини электрон шаклда мажбурий ижрога юбориш тизимлари жорий этилди ва ушбу чоралар амалиётда ўзининг ижобий самарасини кўрсатмоқда.
Президентимизнинг 2020 йил 3 сентябрдаги «Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори эса, суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштиришнинг кейинги босқичдаги муҳим вазифаларини белгилаб берди.
Қарордаги вазифалар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган интерактив электрон хизматлар турларини кенгайтириш имконини берди. Бундан ташқари судларда одил судловни амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотларнинг тезкорлик билан олинишини, энг муҳими, судлар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминламоқда.
Президентимизнинг 2020 йил 7 декабрда қабул қилинган “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонини олиб кўрайлик. Унда судьяларнинг одил судловни амалга ошириш бўйича касбий фаолиятини ҳар қандай кўринишдаги ташқи таъсирлардан самарали муҳофаза қилишни таъминлайдиган ҳуқуқий механизмларни яратиш кўзда тутилган.
Шунингдек, Фармон судьялар ва суд аппарати ходимлари орасида коррупция ҳолатларининг олдини олиш ва барвақт аниқлашга қаратилган тизимни йўлга қўйиш, суд ҳокимияти мустақиллигини ва судьялар дахлсизлигини таъминлаш, одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қилаётган ҳар қандай омилларга қарши курашда, энг муҳими, юқори профессионал судьялар корпусини шакллантиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Бу ҳужжатда судьяларнинг дахлсиз ҳуқуқлари кафолатини таъминлаш бўйича қайд этилган энг муҳим масалалардан бири шундаки, жорий йилдан бошлаб судьяларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга гувоҳ ёки гумон қилинувчи сифатида сўроқ қилиш учун чақиришга тегишли малака ҳайъатларининг розилиги билангина йўл қўйиладиган бўлди.
Судьяларнинг дахлсизлигини бузганлик ва одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашганлик ҳолатлари юзасидан Судьялар олий кенгаши раиси киритадиган тақдимнома прокуратура органлари томонидан бир ойда кўриб чиқилиб, натижаси юзасидан тегишли қарор қабул қилиниши лозимлиги белгиланди. Буларнинг барчаси алоҳида ҳуқуқий аҳамият касб этади. Чунки илгари бундай тартиб мавжуд бўлмагани учун судьяларнинг тегишли идоралар эшигида соатлаб кутиб ўтириши ҳолатларини ҳам кузатганмиз.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш керакки, суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатимизда қонун устуворлиги ва ижтимоий адолатни таъминлаш, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигига қаратилгани билан алоҳида аҳамият касб этади.
Шерали Хамидов
Навбаҳор туманлараро
иқтисодий суди раиси
Мақсуда Худойбердиева
Навбаҳор туманлараро
иқтисодий суди архивариуси