August 26, 2021

Сайловолди тарғибот тадбирлари давом этмоқда

Хабарларингиз бор юртимизда йирик сиёсий жараён яъни, Ўзбекистон Республикаси президенти сайлови ўтказилиши арафасида, сайловга тайёргарлик кўриш бўйича асосий тадбирлар ўтказилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг “Сайлов кодекси” бу борада мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Сайлов жараёнларини кенг оммага тарғиб қилиш мақсадида
2021 йил 25 август куни Учқудуқ тумани “Алтинтау” ОФЙ биносида фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси Б.Шерматов, Учқудуқ туман иқтисодий суди раиси Х.Турсунов, жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси А.Қурбоновлар ташаббуси билан тарғибот тадбири ташкил этилди.

Тадбирда туман суди раислари томонидан сайловларни ўтказишнинг бош тамойили ҳисобланган Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси қабул қилинганлиги, мазкур Кодекснинг мазмун-моҳияти ҳақида фикрлар билдирилиб, хусусан ушбу Кодекс Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари сайловларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиши ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хоҳиш-иродаси эркин билдирилишини таъминловчи кафолатлар белгиланганлиги, сайловда эркин ва яширин овоз бериш, сайлов бюллетенидаги номзодлардан қайси бирини танлаш фақат сайловчининг ўзи ҳал қилиши, сайловчилар муддатидан олдин ёки сайлов куни участка сайлов комиссияси биносида ёхуд турган жойда яширин овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланиши, сайловчилар қайси номзодга овоз берганлигини кузатиш ва текширишга йўл қўйилмаслиги, участка сайлов комиссиялари сайловчиларнинг яширин овоз бериш ҳуқуқини таъминлаш учун масъул ва жавобгар эканлиги ҳамда Ўзбекистон 2021 йилги президентлик сайлови куни октябрь ойи охирига яъни, 2021 йил 24 октябрь куни этиб белгиланганлиги ҳақида гапириб ўтди.

Шунингдек, Суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар, янги қабул қилинган қонунлар жумладан, янги таҳрирдаги қабул қилинган “Судлар тўғрисида”ги қонун мазмун-моҳияти юзасидан тушунтиришлар берилиб, унда мазкур қонун мамлакатимиз суд-ҳуқуқ соҳасидаги изчил ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлганлиги, мазкур қонун 14 боб, 101 моддадан иборат бўлиб, унда белгиланган нормалар судьяларнинг чинакам мустақиллиги ва дахлсизлигини таъминлаш, судлар фаолиятининг самарадорлиги ва нуфузини ошириш, судларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, фуқаролар ва юридик шахсларнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилганлиги айтиб ўтилди.

Бундан ташқари фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси Б.Шерматов Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига пул маблағларини ундириб бериш масаласида мурожаат қилган Учқудуқ тумани “Алтинтау” ОФЙда яшовчи фуқаронинг мурожаатини ўрганиш мақсадида фуқаро хонадонига ташриф буюрди, мурожаат юзасидан фуқарога ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Мербек Бердибеков

Фуқаролик ишлари бўйича

Учқудуқ туман суди девонхона мудири