МАҲАЛЛАЛАРДА САЙЁР УЧРАШУВ
Навоий вилояти судининг судьялари С.Абдурасулов, Т.Қаҳҳоров ва Л.Тошмуродовлар томонидан Навоий шаҳридаги “Умид”, “Мустақиллик”маҳалла фуқаролар йиғинларида маҳалла фаоллари, фуқаролар ва тадбиркорлар иштирокида жиноят ва хуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш борасидаги ишлар ҳамда мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-хуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни, шу билан бирга янги қабул қилинган қонунларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида сайёр учрашувлар ўтказилди.
Учрашувда фуқароларнинг асосий эътибори жиноят ва хуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш юзасидан ҳудудларда олиб борилаётган зарурий чора-тадбирларга қаратилиб, содир этилган жиноят ва ҳуқуқбузарликлар учун жазо муқаррарлиги тўғрисида мисоллар келтирган ҳолда маълумотлар берилди.
Шу билан бирга судларда фуқаролар ҳамда тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиниши борасида кўриб чиқилаётган низолар ҳақида ҳам тўхталиб, бу борада юртимизда кейинги йилларда катта ўзгаришлар рўй бериб, кенг имкониятлар яратилаётганлиги алоҳида таъкидланди ҳамда мамлакатнинг иқтисодий қудрати, аҳоли фаровонлиги тадбиркорлик соҳаси ривожига боғлик эканлиги, мазкур субъектларнинг эркин фаолият кўрсатиши ва уларнинг ҳуқуқлари ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишда давлатнинг муҳим органи ҳисобланган судларнинг асосий вазифаси эканлиги таъкидлаб ўтилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг суд-ҳуқуқ соҳасида қабул қилинган Фармонлари, Иқтисодий процессуал кодексига киритилган янги ўзгаришлар, жумладан инвесторларнинг талаби бўйича ишларни кўриш, “бир суд – биринстанция” тамоили ва судлар тизимидаги ташкилий-тузилмавий ўзгаришлар ҳамда судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар юзасидан маърузалар қилинди.
Тадбир якунида судьялар томонидан фуқароларнинг ҳуқуқий соҳадаги муаммолари эшитилиб, уларнинг ечимлари юзасидан тегишли маслаҳат ва тушунтиришлар берилди.
Хуршид Аллаёров
Судья катта ёрдамчиси