Учқудуқлик ёшлар суд биносида
Ҳар қандай давлатнинг тарихий тараққиёт йўлидан маълумки, юртнинг жадал ривожланиши ўша давлатда ёшлар-тарбияси ва келажагига бериладиган эътибор даражасига боғлиқ.
Мамлакатимизда олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнида ёшларнинг иштирокини янада фаоллаштириш, ёш авлод вакилларини қонунга ҳурмат руҳида тарбиялаш, ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида жорий йилнинг 11 май куни Учқудуқ туман иқтисодий суди раиси Х.Турсунов, фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси Б.Шерматов, жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси А.Қурбоновлар томонидан туман суди биносида 10-сонли мактаб ўқувчилари иштирокида “Суд ва ёшлар” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 февралдаги “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги ПФ-6155-сон Фармони билан ёшларга берилган имтиёзлар, жумладан ёшларни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий муҳофазага муҳтож талабаларни ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, олий таълим муассасасида икки ва ундан ортиқ фарзанди шартнома асосида ўқиётган оилаларга таълим кредити бериш ва талаба томонидан ушбу кредитни ўқиш даври тугагандан сўнг қайтариш амалиёти йўлга қўйилиши тўғрисида маълумотлар берилди.
Бундан ташқари ёшлар ўзларини қизиқтирган барча саволларига суд раислари томонидан атрофлича жавоблар олишди.
Учқудуқ туман судлари