September 4, 2020

CУД-ТЕРГОВ ФАОЛИЯТИ ТАКОМИЛЛАШМОҚДА

Сўнгги йилларда мамлакатимизда шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, унинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш, суд ишларини юритишнинг барча босқичларида тарафларнинг тортишув тамойили қўлланилишини янада кенгайтиришга қаратилган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентнинг “Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора тадбирлари тўғрисида”ги Фармони яққол мисол бўла олади.

Фармонда инсон ҳуқуқлари бузиш ҳолатлари, айниқса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан фуқароларга нисбатан ғайриқонуний хатти-ҳаракатлар содир этилишининг олдини олишга қаратилган ҳуқуқий механизмлар назарда тутилган.

Бундан ташқари, тергов сифатини халқаро стандартлар асосида тубдан ошириш бўйича амалий чоралар белгиланган.

Жумладан ярашув институтини қўллаш механизми такомиллаштирилади. Бунда, шахсга нисбатан тергов даврида эълон қилинган айблов, жиноят иши суднинг қайси инстанциясида кўрилаётганлигидан қатъи назар ярашув институти доирасига тушадиган енгилроқ моддага қайта малакаланган ҳолларда ярашув институтини қўллаш имконияти яратилмоқда. Ушланган шахснинг ҳуқуқлари поймол бўлишининг олдини олиш мақсадида ушлаб туриш муддатини жиноят содир этишда гумон қилинаётган шахс ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга келтирилган вақтдан бошлаб эмас, балки шахс ҳақиқатда ушланган вақтдан бошлаб ҳисоблаш ҳамда шахс амалда ушланган пайтдан бошлаб, тегишли мансабдор шахс у билан боғлиқ суриштирув ва тергов ҳаракатларини ўтказишдан олдин ҳимоячи билан холи учрашувни таъминлаши шартлиги ҳақидаги қоида назарда тутилмоқда.

Фармонгача бўлган амалдаги қонунчиликда шахсга нисбатан тергов даврида эълон қилинган айблов, жиноят иши судда кўриш даврида ярашув институти доирасига тушадиган енгилроқ моддага қайта малакаланган тақдирда ярашув институтини қўллаш имконияти йўқ эди, бу эса фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини поймол қилинишига олиб келиши мумкин. Чунончи, ярашув институти жиноят қонунчилигига кўра, инсонпарварлик принципига асосланиб, шахсни томонлар ярашуви муносабати билан жавобгарликдан буткул озод этишни назарда тутади.

Шу билан бирга, фармонга мувофиқ, ўта оғир жиноят содир этганликда айбланаётган шахсларга оид жиноят иши бўйича, шунингдек қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳолатларида ҳимоячининг иштирок этиши шартлиги белгиланди.

Бундан ташқари, судга қадар иш юритиш даврида шахс ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш мақсадида агар ушланган айбланувчининг яқин қариндошларини процесс иштирокчиси сифатида жалб қилиш учун асослар мавжуд бўлмаса, уларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга чақириш ва сўроқ қилиш ҳамда шахсни жиноят ишида айбланувчи сифатида жалб қилиш учун реал асослар мавжуд бўлган ҳолларда уни гувоҳ тариқасида сўроқ қилиш, шунингдек, процессуал ҳуқуқларини тушунтирмасдан туриб, ундан бирон-бир ёзма ёки оғзаки кўрсатувлар олиш тақиқланмоқда.

Фармон билан айбланувчининг қонун ва халқаро ҳужжатларда акс этган энг асосий ҳуқуқларидан бири бўлган кўрсатувлар беришдан бош тортиш ва кўрсатувларидан жиноят ишига доир далиллар сифатида унинг ўзига қарши фойдаланилиши мумкинлиги ҳақида хабардор бўлиш ҳуқуқини амалиётда тўлиқ рўёбга чиқариш имконияти яратилмоқда.

Фармонга кўра, амалдаги қонунчиликка айбига иқрорлик бўйича келишув институти ҳам киритилади. Унга кўра, айрим тоифадаги жиноятлар бўйича шахс айбини бўйнига олиш тўғрисида арз қилган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган, жиноятнинг очилишига фаол ёрдам берган, шунингдек, келтирилган зарарни бартараф этган тақдирда унга нисбатан қонунда белгиланган энг кўп жазонинг ярмидан кўп бўлмаган миқдори ва (ёки) муддатигача жазо тайинланади ва бу тоифадаги жиноят ишлари соддалаштирилган тартибда кўриб чиқилиб, фуқароларнинг ортиқча оворагарчилигининг олдини олиниши кўзда тутилган.

Шу билан фармонга кўра, Тошкент шаҳар прокуратураси тергов бўлинмалари ва Ички ишлар бош бошқармаси тергов бошқармасининг фаолияти халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибага мувофиқ намунавий тарзда ташкил этилади ҳамда тергов ҳаракатларини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш амалиётини йўлга қўйиш учун жазони ижро этиш муассасалари ва тергов ҳибсхоналарини техник воситалар ва ускуналар билан тўлиқ жиҳозлаш чоралари кўрилади.

Фармон суд-тергов шаффофлигини таъминлашга, фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини юксалтиришга, ишларни судда кўриш сифатини ошириш ҳамда холис, адолатли ва қонуний қарорлар қабул қилишга хизмат қилади.

Бир сўз билан айтганда, Фармон жиноят процессида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя кафолатларини таъминлаш бўйича механизмларни тўлиқ ишга солган ҳолда жиноят ишларини тергов ва суд босқичларида кўриб чиқиш жараёнларида биздан катта масъулиятни талаб қилиб, фуқароларни ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Навоий вилояти адлия бошқармаси

Ахборот хизмати