September 10, 2020

СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...

Ассалом алайкум . Солиқ кодекисига биноан пенсионерлардан мол мулк солиғи олинмас экан. Шу ростми? Мен оддий нафақахўрман лекин мулк солиғини ҳам, ер солиғини ҳам тўлиқ тўлайман. Жавобингиз учун рахмат.

Саволга вилоят адлия бошқармаси масъул ходими Фариджон Рамазонов жавоб беради

Жавоб: Янги таҳрирдаги Солиқ Кодексимизнинг 421-моддасига мувофиқ, Пенсионерларнинг мулкида бўлган мол-мулк олтмиш квадрат метр доирасида солиқ солишдан озод қилинади.

Солиқ имтиёзлари мулкдорнинг танловига кўра, фақат битта яшаш учун мўлжалланган кўчмас мулк объектига тадбиқ этилади.

Солиқ Кодексининг 436-моддаси, 4-бандига кўра, ёлғиз пенсионерлар жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғидан озод қилинади. Ёлғиз ёки вояга етмаган болалари билан ёхуд ногирон боласи билан бирга алоҳида уйда яшовчи пенсионерлар ёлғиз пенсионерлар деб тушунилади.

Мазкур имтиёз пенсия гувоҳномаси ёки Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимининг маълумотномаси, шунингдек фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг маълумотномаси асосида берилади.

Ёлғиз бўлмаган пенсионерлар ер солиғидан озод қилинмайди.

Демак, юқоридаги асосларга кўра мулкингизда бўлган мол-мулк олтмиш квадрат метр доирасида солиқ солишдан озод қилинади. Шунингдек, ёлғиз пенсионер бўлсангиз жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғидан ҳам озод қилинасиз. Бунинг учун Сиз солиқ имтиёзини олишга бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларни солиқ солиш объекти жойлашган ердаги солиқ органларига мустақил равишда тақдим этишингиз керак.