СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...
ЯНГИ ГАЗ ЎЛЧАГИЧ ЎРНАТИЛАЁТГАНДА ПУЛ ТЎЛАНИШИ ҚОНУНИЙМИ?
Махалламизга янги газ ўлчагич ўрнатишмоқчи.У чипли экан. Газ идорасидан келиб газ ўлчагич учун 120 000 сўм тўлов килишимизни айтишди.Бу тўғрими?
ЖАВОБ: «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 августдаги 698-сонли «Юридик ва жисмоний шахсларнинг электр энергияси, табиий газ, ичимлик ва иссиқ сувни ҳисобга олиш ускуналарини (ҳисоблагичларни) ечиш, қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинган.
Мазкур қарорга илова қилинган «Табиий газни ҳисобга олиш ускунасини (ҳисоблагични) ечиш, қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти»ги мувофиқ ҳисобга олиш ускуналарини қиёслаш даврийлиги жисмоний шахслар учун — 8 йил, юридик шахслар учун — 4 йилни ташкил этади.
Регламентга кўра, Ҳисобга олиш ускунасини (ҳисоблагични) қиёслашдан ўтказиш давлат хизматини кўрсатганлик учун жисмоний шахслардан базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 фоизи, юридик шахслардан базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,5 баравари миқдорида йиғим ундирилади.
Эътибор беринг. Табиий газни ҳисобга олиш ускунасини таъмирлаш ёки янгисига алмаштиришга доир сарф-харажатлар ҳудудий газ таъминоти ташкилотлари томонидан қопланади деб белгиланган.
Мазкур асосга биноан сиздан тўлов ундиришлари қонунга хилоф.
Навоий вилояти адлия бошқармаси
Ахборот хизмати