November 3, 2020

ЖАМИЯТДА ҲАММА ТЕНГ...

Бугун сайёрамизда ногиронлиги бўлган салкам бир миллиардга яқин шахс ҳаёт кечирмоқда. Юртимизда уларнинг сони 670 минг нафардан ортиқ.Туғма хасталик ёки ҳаёт давомида орттирилган бирор оғир касаллик ва фавқулодда ҳолатлар туфайли меҳнат қобилиятини йўқотган инсон ўзгаларнинг доимий кўмаги, меҳр-эътиборига муҳтож бўлади. Мамлакатимизда аҳолининг ушбу қатламини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш, кексалар, пенсионерлар, ногиронлиги бўлган болалар ва катталарга тиббий-ижтимоий ёрдамнинг барқарор тизимини яратилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 1 декабрдаги «Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони бу борадаги ишларда муҳим ҳуқуқий асос бўлди.

Мазкур ҳужжатда белгиланган чора-тадбирлар изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилиши натижасида кейинги йилларда ёлғиз кекса, пенсионер ва ногиронлиги бўлган шахслар уйида тиббий-ижтимоий хизмат билан қамраб олинди. Реабилитация техник воситалари ва протез-ортопедия буюмларига муҳтожларга етказиб берилмоқда. 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийлари, пенсионерлар, ногиронлиги бўлган шахслар, ёлғиз қариялар ва аҳолининг бошқа ночор қатламлари вакилларини соғломлаштириш марказларига юбориш амалиёти йўлга қўйилди. Ислоҳотлар қаторида соҳада ечимталаб вазифалар ҳам талайгина. Жумладан, протезлаш йўналишлари бўйича тизимли тарзда илмий изланишлар олиб борилмагани сабабли соҳа ривожи тўхтаб қолган. Ногиронлиги бўлган шахсларни тиббий-ижтимоий реабилитация хизмати билан қамраб олиш кўрсаткичи жуда паст. Яъни ҳар йили бор-йўғи уч фоиздан кўпроқ беморга бу йўналишда тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатилади.

Президентимизнинг «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонида бу йўналишда амалга ошириладиган устувор вазифалар белгилаб берилди. Бу чора-тадбирларни ҳаётга татбиқ этиш зиммамизга катта масъулият юклайди. Аввало, замон талабидан келиб чиқиб, соҳанинг ҳуқуқий асосини такомиллаштириш долзарб аҳамиятга эга.

Айтиш керакки, «Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги янги таҳрирдаги қонун қабул қилинганига ўн тўрт йил бўлди. Мазкур ҳужжатда ногиронликка, асосан, тиббий тушунча сифатида ёндашилиб, бундай инсонларнинг жамиятга фаол интеграциялашувини таъминлаш борасида ҳуқуқий асослар етарли даражада акс эттирилмаган. Вақт ўтиши билан соҳага янгича ёндашувлар кириб келмоқда. Масалан, БМТнинг ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясига мувофиқ, «ногирон» сўзи ўрнига «ногиронлиги бўлган шахс» атамаси татбиқ этилди. Бундан мақсад ногиронлиги бўлган шахсларнинг муносиб турмуш кечириши, жамият ҳаётида фаол иштирок этиши, ўз салоҳиятини намоён этиши учун зарур шароит яратишдир.

Шу муносабат билан халқаро тамойиллар ва миллий қонунчилик тажрибамиздан келиб чиқиб, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоялаш бўйича янги қонун ишлаб чиқиш ва қабул қилиш зарурати юзага келди. «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги янги қонун лойиҳасида ана шундай устувор вазифалар ўз ифодасини топган. Лойиҳада БМТнинг ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси талабларидан келиб чиқиб, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини муҳофазалаш соҳасида замонавий услублар, халқаро стандартларни жорий этиш масалаларига устувор эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, миллий қонунчиликда «ногиронлик белгиси бўйича камситиш», «ногиронлиги бўлган шахсларнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари», «протез-ортопедия буюмлари», «абилитация», «сурдотаржима», «сурдотехник воситалар», «тифлотехник воситалар» каби янги тушунчалар биринчи марта акс эттирилди.

Айтиш керакки, ногиронлиги бўлган шахслар муносиб ҳаёт кечириши учун кўчаларда, жамоат жойларда, бино ва ишоотларга кириш-чиқишда, жамоат транспортидан фойдаланишда ҳам муайян қулайликлар яратилиши лозим. Қонун лойиҳасида ана шу масалалар ҳам эътиборга олинган. Масалан, жамоат транспортларида бундай инсонлар бемалол ҳаракатланиши учун қулай имконият яратиш, жумладан, эшитиш аъзолари заифлар учун ахборот таблолари ўрнатиш, кўзи ожизлар учун бекатларни  эълон қилиш мажбурийлиги белгиланди.

Бундан ташқари, ногиронлиги бўлган шахсларга яшаш жойини мустақил танлаш ва яшаш жойидан қатъи назар, ижтимоий ва бошқа турдаги хизматлардан фойдаланиш ҳуқуқи таъминланиши тўғрисида алоҳида моддалар киритилди. Уй-жой, имтиёзли ипотека кредитларини олишда уларга устунлик бериш, имкониятига мос яшаш шароитларига эга бўлиш ҳуқуқини таъминлаш ҳам эътиборга олинган.

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг тиббий-ижтимоий ҳимояси ҳақида сўз юритганда, ногиронликни белгилаш, ногиронликни қайта-қайта тасдиқлаш каби муаммолар эътирозларга сабаб бўлаётгани бор ҳақиқат. Бу муаммо юзага келишининг ҳам ўзига хос сабаблари бор. Ҳозирги кунда даволаш-профилактика муассасалари томонидан тиббий меҳнат экспертизаси комиссияларига тақдим қилинадиган ҳужжатларни тайёрлаш ҳамда уларни юбориш масалалари аниқ қонун ҳужжатлари билан тартибга солинмаган. Шунингдек, белгиланган муддатдан олдин тиббий кўрикдан ўтказиладиган касалликлар рўйхати тасдиқланмагани сабабли айрим ҳолларда ногиронлик белгилари аниқ кўриниб турган шахслардан ҳам ҳар олти ойда ёки йилига бир марта шифохоналарда даволаниш талаб қилинмоқда.

Бу муаммоларни ҳал этиш мақсадида ногиронликни белгилаш механизмларини ва унинг муддатларини, тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш юзасидан бир қатор таклифлар илгари сурилмокда. Хусусан, ногиронлик белгилари яққол кўриниб турган беморни ортиқча оворагарчиликдан халос қилиш мақсадида бундай беморларни аниқлаш ва зарур ҳужжатларни расмийлаштириш вазифасини соғлиқни сақлаш органлари зиммасига юклаш  тартибини жорий қилиш таклиф этилмоқда.