СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...

Assalom alaykum kreditga uy olganmiz. Kredit olganlarga imtiyoz yo'qmi? Uyga to'lov qilganda turmush o'rtog'im oyligidan daromad solig'i (podoxod) olinmasdi hozirda bu qonun o'zgardimi?

Саволга вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Азиз Ахмедов жавоб беради

ЖАВОБ: Янги таҳрирдаги Солиқ Кодексининг 378-моддаси 16-бандига кўра, солиқ тўловчининг қуйидагиларга йўналтириладиган, солиқ солиниши лозим бўлган иш ҳақи ва бошқа даромадларига солиқ солинмайди.Яъни

Олинган ипотека кредитларини ва улар бўйича ҳисобланган фоизларни солиқ даври давомида жами ўн беш миллион сўмгача бўлган миқдорда қоплашга, башарти якка тартибдаги уй-жойнинг ёки кўп қаватли уйдаги хонадоннинг қиймати уч юз миллион сўмдан ошмаса ҳамда у дастлабки бадалнинг ва (ёки) ипотека кредити бўйича фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун бюджетдан ажратилган субсидияларни ҳисобга олган ҳолда олинган бўлса.

Мазкур имтиёз қарз олувчига ва бирга қарз олувчиларга, имтиёз олиш ҳуқуқига эга бўлган барча солиқ тўловчиларга берилган, солиқ солиниши лозим бўлган даромадларни камайтириш суммаси солиқ даври давомида жами ўн беш миллион сўмдан ошмаган тақдирда тадбиқ этилади.

Субсидия — ипотека кредитлари асосида уй-жой сотиб олиш учун бошланғич бадал ва (ёки) кредит фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш мақсадида давлат бюджетидан фуқаро учун банкда унинг номига очилган тегишли ҳисоб-варағига ўтказилган маблағлар.

Қиймати 300 миллиондан ошмаган, йиллик фоизлари эса 15 миллиондан ошмаган ипотека шартномаси бўйича имтиёзлар автоматик равишда ўтади.

Агарда ипотека шартномаси суммаси ва фоизи ушбу суммадан ортиқ бўлса, Сиз билан тузилган ипотека шартномасининг тегишли бандларини ўрганиб чиқишни маслаҳат берамиз.