СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...
Ассалому алайкум ҳозирда мен яшаётган уй отамнинг номида. Ота-онам бир неча йиллар олдин вафот этишган. Уйни ӯз номимга ӯтказиш учун кадастрга қандай ҳужжатлар керак бӯлади?
Саволга Қизилтепа тумани адлия бўлими масъул ходими Авазхон Раҳмонов жавоб беради
Жавоб: Мазкур вазиятда ушбу турар-жойга нисбатан Сиз марҳум отангизнинг фарзанди ва меросҳўр сифатида мулк ҳуқуқини олишингиз мумкин. Мерос таркибига кўчар ва кўчмас мулк, ашёлар, шу жумладан, унинг ўлимидан кейин ҳам бекор бўлмайдиган барча мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятлар, чунончи, хусусий мулк ҳуқуқи, омонатлардаги маблағлар киради.
Бу ерда марҳумдан қолган мол-мулклар васият бўйича ворислик ёки қонун бўйича ворислик белгиланган шахсларга, яъни меросхўрларга ўтади. Шундан келиб чиқиб, биринчи вазиятда агар марҳум отангиз мол-мулкларини Сизга васият қилиб қолдирган бўлса, Фуқаролик кодексининг 1120-1133-моддаларига асосан унинг мол-мулклари васиятнома бўйича Сизга ўтади. Мазкур ҳолатда масала унчалик мураккаб бўлмаган ҳолатда ҳал бўлади. Чунки, бу ерда бошқа меросхўрларни аниқлаш билан боғлиқ жараёнлар бўлмайди ҳисоб.
Агар марҳум васиятнома қолдирмаган бўлса, масала қонун бўйича ворислик тартибида ҳал этилиши лозим бўлади. Бунда қонуний меросхўрлар Фуқаролик кодексининг 1135 –1141-моддаларида назарда тутилган навбат тартибида аниқланадилар.
ФКнинг 1135-моддасига мувофиқ, марҳумнинг болалари қонун бўйича биринчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар. ФКнинг 1134-моддасига асосан, марҳуминг мол-мулкларига нисбатан биринчи навбатдаги меросхўрлар, яъни болалари борлиги учун, қолган иккинчи, учинчи ва хоказо навбатдаги меросхўрлар ҳақида гап-сўз бўлиши мумкин эмас.
Қаранг, бу ерда мол-мулкни меросхўрга расмийлаштириш учун энг кераклик ҳужжат меросга бўлган ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳномадир. Мерос очилган жойдаги нотариус меросхўр (Сиз)нинг илтимосингизга кўра меросга бўлган ҳуқуқингиз тўғрисида гувоҳнома беради. Фақат бу ерда бир муаммо бор, меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома мерос очилган кундан эътиборан 6 ой ўтганидан кейин берилади.
Агар нотариус мурожаат қилувчидан бошқа меросхўрлар йўқлиги тўғрисида маълумотларга эга бўлса, гувоҳнома юқорида кўрсатилган муддат тугамасидан олдин берилиши мумкин.
Агар, бошқа қонуний меросҳўрлар (масалан, акангиз, укангиз ва бошқалар) ҳам бўлса, қолган меросхўрлар, Сизнинг фойдангизга меросдан воз кечишлари масаланинг ечими бўлиши мумкин. Бунинг учун улар, ФКнинг 1147-моддасига мувофиқ мерос очилган жойдаги нотариусга меросдан воз кечиш тўғрисида ариза бериш орқали буни ҳал қилишлари мумкин. Шунда, ягона меросхўр сифатида фақатгина Сиз қоласиз.
Якунда нотариал идора томонидан Сизга берилган меросга бўлган ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома Сизнинг номингизга марҳумлардан қолган уй-жойни мулк қилиб расмийлаштириш учун асос бўлиб хизмат қилади. Кадастр органига ҳам шу ҳужжатни тақдим этасиз.