ҲАР БИРИМИЗ ЙЎЛ ҲАРАКАТИ ИШТИРОКЧИСИМИЗ
Йўл ҳаракати Ўзбекистон Республикасининг “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги қонуни билан тартибга солинади.Мазкур йўналишдаги тартиб-таомиллар билан фуқароларнинг танишиши шарт.Чунки ҳар биримиз, у ёки бу кўринишдаги йўл ҳаракати иштирокчисимиз.Бу борада мутасадди ташкилотлар ваколатлари доирасида тарғибот тадбирларини амалга оширмоқда.Аммо халқ орасида ҳамон ҳаракат иштирокчиси тўғрисидаги бир ёқлама ёндашув ҳамон сақланиб қолмоқда.
-Дарҳақиқат, ҳаракат иштирокчилари одатда ҳайдовчиларнинг ҳатти-ҳаракатларини танқид қилишга шошилишадию, бироқ пиёдаларнинг ҳам мажбуриятлари борлигини, унга ўзлари риоя қилишлари кераклиги ҳақида унутиб қўйишади. Коса кунда эмас, кунида синади деган гап бор. Тўғри, инсон бир неча бор ҳуқуқбузарлик содир этиши, йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмаслиги ва унинг бу айбини кимдир кўрмаслиги мумкин. Аммо бир куни аччиқ хатоларининг мевасини татиб кўришга мажбур бўлади.-дейди Навоий вилоят ИИБ ЙҲХБ Матбуот гуруҳи раҳбари Фаррух Якубов
Мутахассис шу ҳақда сўз юритар экан, 2020 йилнинг 3 сентябрь куни пиёданинг эътиборсизлиги ва йўлни маст ҳолда кесиб ўтиши натижасида юзага келган автоҳалокат тўғрисида сўзлаб берди.
- Ўша куни соат 18:00ларда Томди тумани ҳудудидан ўтувчи 4Р57 “Қизилқум халқа йўли” автомобиль йўлининг 317 километрида ҳайдовчи С.К. “УАЗ-469” русумли автомашини бошқариб бораётган эди. 60 ёшга кирсада, ҳаёт сабоқларидан ўзига тегишли хулоса чиқармаган маст ҳолда пиёда ҳаракатланиб кетаётган А.Қ. унинг йўлидан тўсаддан чиқиб қолди. Ҳайдовчи нима бўлганини дастлаб англашга ҳам улгурмади. Маст ҳолдаги пиёда йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган жойнинг ўзида вафот этди.-дейди Ф.Якубов
Мутахассиснинг маълумотига кўра ҳозирги кунда ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳар қандан қонуний хужжат ёки тартиб таомиллар аввало инсон манфаатлари,унинг хавфсизлигини таъминлашга қаратилган.Уларни билиш лозим.Амал қилиш эса виждон иши.Уйғоқ виждон, сергак тафаккур билан ҳаракат қилайлик.Зеро бизнинг ҳаракатимиз, жамият тақдирига дахлдордир.
Навоий вилояти адлия бошқармаси
Ахборот хизмати