September 14, 2020

ХАЛҚАРО ТИЖОРАТ АРБИТРАЖИ БИЗГА КЕРАК(МИ)

Бирор бир мамлакат иқтисодига инвестиция олиб киришни режа қилган хорижий инвестор учун шу давлатдаги иқтисодий-сиёсий, ҳуқуқий-ижтимоий муҳит ҳал қилувчи омил ҳисобланади. Чунки у биринчи галда ўз бизнесининг қонун билан мустаҳкам ҳимояланишига ишонч ҳосил қилиши керак. Қолаверса, хорижий сармоядор ёки маҳаллий тадбиркорга низо чиққудек бўлса, ўз манфаатларини муносиб ҳимоя қила оладиган ишончли хуқуқий кўланка ва қонуний устқурма даркор. Халқаро майдонда бу вазифани арбитражлар бажаради. Юртимизда мавжуд ҳакамлик судлари эса табиийки бундай кенг ваколатларга эга эмас. Бу эса кейинги йилларда халқаро интеграциялашув жаранларида тобора дадил қадам ташлаётган миллий иқтисодиётимиз учун айрим номақбул вазиятларни юзага келтирмоқда.

Миллий қонунчилигимизда ҳанузгача халқаро арбитражлар фаолиятини тартибга соладиган норматив-ҳуқуқий база ишлаб чиқилмагани боис, юртимиздаги хорижий инвесторлар ва маҳаллий тадбиркорлик субъектлари низоларни ҳал этиш учун хориждаги, масалан, Лондон, Париж, Стокголм ёки Сингапур халқаро арбитражларига мурожаат қилишга мажбур бўлишган. Масаланинг яна бир жиҳати шундаки, амалдаги қонун ҳужжатлари, жумладан, “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни томонларнинг инвестициялар билан боғлиқ низоларини хорижий арбитрларни жалб этган ҳамда хорижий ҳуқуқни қўллаган ҳолда кўриб чиқиш имкониятини бермайди. Масалан, Сингапур халқаро арбитраж судида хорижий арбитрлар сони маҳаллий мутахасислардан ҳатто кўпроқ эканини кўриш мумкин. Тегишли тарзда бу сон 355га – 130 нисбатига тенг.

Ўзбекистонда халқаро арбитраж қарорларини ижро этишнинг ҳам аниқ ҳуқуқий механизмлари “Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳузурида Тошкент халқаро арбитраж марказини ташкил этиш тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинганда бир қатор тизимлаштирилган эди.

Олий Мажлис Сенатининг еттинчи ялпи мажлисида мақулланган “Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни бу борадаги ишларни янада такомиллаштиришни назарда тутади.

Ҳозирги замонда иқтисодиётнинг глобаллашуви тез чуқурлашаётган, хўжаликлараро алоқалар ривожланаётган ҳамда халқаро даражаларда қонунчилик бирхиллаштирилаётган шароитларда миллий ва халқаро даражаларда бозор муносабатларининг асосий омилларидан бири ҳисобланган халқаро арбитраж тижорат низоларини ҳал этишнинг муқобил ва суд маҳкамасидан ташқари шакли сифатида тобора катта аҳамият касб этмоқда.

Ўзбекистонда халқаро тижорат арбитраж судларининг фаолиятини ташкил этиш ва тугатиш тартибини ҳуқуқий тартибга солиш, халқаро тижорат арбитраж суди фаолиятининг асосий принципларини белгилаш, шунингдек, хорижий инвесторлар, миллий компанияларни чет эллик ҳамкорлар билан ўзаро муносабатларида уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш зарурияти туғилди.

Мазкур Қонуннинг қабул қилинишидан кўзланаётган асосий мақсад — низоларни кўришда хўжалик юритувчи субъектларнинг сарф харажатларини қисқартириш, арбитраж ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижро этиш механизмларини белгилаш ҳамда шу асосда халқаро шартномаларнинг низоли масалаларини ҳал қилишда мамлакатнинг минтақадаги обрўсини ошириш каби масалалар эканлиги сенат йиғилишида таъкидланган эди.

Хулоса қилиб айтганда, ушбу Қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши Ўзбекистон низоларни муқобил ҳал қилиш усули ҳисобланган фуқаролик жамиятининг муҳим институти сифатида арбитраж муҳокамаси институтини ривожлантиришга, ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун зарурий ҳуқуқий шарт-шароитлар яратишга, ташқи иқтисодий шартномалардан келиб чиқадиган низоларни кўришда муддатлар ва харажатларни қисқартиришни таъминлашга имкон яратилади.

Навоий вилояти адлия бошқармаси

Ахборот хизмати