СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...
Ассалому-алайкум. Мен бир давлат идорасида касаба уюшмаси аъзосиман. Бизга икки ой аввал янги раҳбар келган. У ходимларни бирма-бир ишдан бўшатишни бошлади. Кейин бўшаган ходимлар, бўлим бошлиқлари ўрнига ўзини вилоятидан бўлган одамларни олиб келди, 4 та бўлимга раҳбарликка у билан бир жойдан бўлган одамлар қўйилди, шундай бўлиши мумкинми? Шу тўғрими? Бундай раҳбарларга чора борми?
Саволга Қизилтепа адлия бўлими ходими Сардор Искандаров жавоб беради
Жавоб: Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 мартдаги 62-сон қарори билан тасдиқланган “Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидалари”нинг 15-бандига кўра:
“раҳбар кадрларни қариндошлик, ҳамшаҳарлик ёки шахсий садоқат белгилари бўйича танлаш ва жой-жойига қўйиш ҳолатларига йўл қўймаслиги керак;
у гуруҳбозлик, маҳаллийчилик, фаворитизм кўринишларининг, шунингдек ўз хизмат вазифаларини бажариш жараёнида бошқа салбий омилларнинг қатъий равишда олдини олиши лозим”.
Айнан мана шу қоидаларга асосан, агар Сиз айтган ташкилот давлат бошқаруви орган ёки махаллий ижро ҳокимияти органи, ёки бундай органлар таркибидаги давлат идоралари ҳисобланса, ҳақиқатдан ҳам раҳбар маҳаллийчиликка йўл қўйилган бўлиши мумкин.
Бундай ҳолатлар, ўз навбатида, раҳбар томонидан мавжуд одоб-аҳлоқ нормаларининг бузилганлигини англатади.
Ҳозир, давлат идораларида одоб-аҳлоқ нормаларининг бузилиши меҳнат вазифаларининг қўпол равишда бузилишига тенглаштирилади, яъни агар ўша раҳбарнинг маҳаллийчиликка йўл қўйганлиги тасдиқланса, у хатто эгаллаб турган лавозимидан ҳам озод этилиши мумкин.