СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...
Ассалому алайкум!Ҳозирда тумандаги мактабларда ишлайдиган ММИБДЎларга бу йил 10 соат дарс берилмас экан. Мумкин эмасмиш. ХТБ мудири шундай деб буйруқ берибди шу тўғрими?
Саволга Хатирчи туман адлия бўлими масъул ходими Аброр Сатторов жавоб беради
Жавоб: Мазкур саволга жавоб Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 21 декабрдаги 275-сон қарорига 3-илова «Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тўғрисида»ги Низомда белгилаб қўйилган. Раҳбар ходимлар 10 соатгача дарс бериши мумкин.
Умумтаълим мактабларида раҳбар ходимлар сифатида умумтаълим мактаби директори, мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари, мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, мактаб директорининг спорт ишлари бўйича ўринбосари, умумтаълим мактабидаги ўқувчиларни чақириққа тайёрлаш раҳбари ва бошқалар қаралади.
Мазкур Низомнинг 14-бандида белгилашинича, халқ таълими муассасасининг раҳбар ходимлари томонидан асосий лавозимнинг бир ҳафтада 10 соатгача ҳажмда ўқитувчи лавозими билан қўшиб олиб борилишига (ўқув юкламаси юритилишига) йўл қўйилади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб шуни айтиш мумкинки, мактаб раҳбар ходимлари 10 соатгача дарс беришлари мумкин.
Бу ўринда ХТБ мудири нафақат ноҳақ балки Ўзбекистон Республикаси Взирлар Маҳкамаси Қарорига қарши чиққан деб ҳисоблаймиз.