December 10, 2020

АСОССИЗ АЙБЛОВ УЧУН, АСОСЛИ ЧОРА ҚЎЛЛАНИЛДИ

Қизилтепа туманининг “Зарметан” МФЙда истиқомат қилувчи фуқаро Сабоҳат Қаландарова туман адлия бўлимига Навоий вилоят давлат санитария назорати бошқармаси Қизилтепа туман филиали томонидан унга нисбатан қўлланилган маъмурий жарима жазосидан норози бўлиб мурожаат қилди.

Ҳолат ўрганилганда, ходимлар томонида фуқаронинг карантин қоидаларига амал қилмаганлик важи билан маъмурий баённома расмийлаштирилганлиги аниқланди. Маълум бўлишича фуқаро бу ҳақда огоҳлантирилмаган.Унинг қоидабузарлик содир этганлиги тўғрисидаги тушунтириш хати ҳам мавжуд эмас.

-         Мен карантин қоидасини бузганим йўқ. Шу боис, тушунтириш хати ёзиб бермадим. Улар расмийлаштирган баённомадан эса хабарим ҳам йўқ, чунки огоҳлантирилмаганман. -дейди фуқаро С.Қаландарова

Адлия бўлими томонидан маълумотлар умумлаштирилганда фуқаронинг карантин қоидаларини бузганлигини тасдиқловчи гувоҳлар, фотосурат ёки видеотасмаларнинг мавжуд эмаслиги аниқланди. Шунга қарамасдан, филиал мудири фуқарога нисбтан МЖтКнинг 54-моддаси билан базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида жарима қўллаш бўйича қарор чиқарган. Ваҳоланки, МЖтКнинг 245-моддасига кўра агар ҳуқуқбузар ҳуқуқбузарлик фактини инкор этса, ушбу ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилиши назарда тутилган.

Шу боис, туман адлия бўлими томонидан киритилган тақдимномага кўра маъмурий қарор бекор қилиниб, айбдор шахсларга нисбатан интизомий жазо чоралари кўрилди.

Қизилтепа туман адлия

бўлими бош маслаҳатчиси С.Искандаров