October 26, 2020

ҲУҚУҚИЙ АХБОРОТ КУНЛАРИ

Навоий вилоят адлия бошқармаси томонидан “Ҳуқуқий ахборот кунлари”лойиҳаси ташкил этилмоқда.Лойиҳа доирасида аҳоли билан учрашувлар ташкил этилиб, ёшлар ўртасида тарғибот тадбирлари ўтказилаяпти.Лойиҳа 3 йўналишда амалга оширилмоқда. Хусусан, фуқаро мурожаатлари билан ишлаш, бунда хонадонлар, маҳалла гузарларида фуқаролар билан якка суҳбатлар ташкил этилиб, уларни қийнаётган масалалар умумлаштирилаяпти.

Маълумки, кишилар ўртасида ишсизлик, ижтимоий нафақа олиш, уй таъминоти, солиқ тўловлари, имтиёзли кредитлар олиш, йўлсозлик сингари масалаларда мурожаатлар кўп учрайди. Мониторинг шуни кўрсатмоқдаки, улар томонидан йўл қўйилаётган асосий хатолик мурожаатни эгасига ўз вақтида етказолмаслик ёки мурожаат қаноатлантирилмаганда юқори турувчи органга бу ҳақда хабар бериш тартибини билмаслик билан боғлиқ. Ҳуқуқий ахборот кунларида фуқароларга мазкур йўналишда манзилли ёрдам кўрсатилди.

Шунингдек, лойиҳа доирасида “Мен ўз ҳуқуқимни биламан”шиори остида ёшлар билан онлайн мулоқотлар ташкил этилмоқда. Ёшлар ҳуқуқлари билан боғлиқ масалаларда тарғибот материаллари таёрланиб, интерактив усулда тарқатиш йўлга қўйилди. Айни пайтда #huquqiyaxborotkunlari ҳештеги остида челленж ёшлар ўртасида оммалаштирилмоқда.

Навоий вилоят адлия бошқармаси

Ахборот хизмати