December 14, 2020

“ОИЛАМНИ ОЁҚҚА ТУРҒИЗГАНИ УЧУН АДЛИЯГА РАҲМАТ”

Гуллола Алимуродова Қизилтепа туманида истиқомат қилади. Фуқаронинг оиласи “Темир дафтар”га киритилган.Қизилтепа тумани адлия бўлими томонидан ўтказилган сайёр қабулда Г.Алимуродова мурожаат қилди.

Маълум бўлишича, оила бошлиғи Ш.Рашидовнинг шахсни тасдиқловчи хужжати йўқ. Никоҳ қайд этилмагани боис, 1 ёшга тўлган фарзандга туғилганлик тўғрисида гувоҳнома олинмаган. Оилада ижтимоий таъминот талаб даражасида эмас.

-         Бир жойга иш сўраб борсам ҳам маҳалладан бериладиган ёрдам пули олай десам ҳам хужжатинг тўғри келмайди, дейишарди. Кўпинча оч ўтирган вақтларимиз бўлган.-дейди Г.Алимуродова

Оилага кўмаклашиш аввало оила бошлиғига паспорт олишга ёрдамлашишдан бошланди. Туман адлия бўлими мазкур жараёнда туман ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимини ҳамкорликка чорлади.

Тегишли хужжатлар расмийлаштирилгач оилада никоҳ қайд этилиб, ота-онага фарзандининг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси топширилди.

-         Бугун бошқатдан дунёга келгандек бўлдим.Шу пайтгача оёғимдан чалиб келаётган муаммолар бартараф этилди.Адлия кўмагида ижтимоий нафақа тайинлаш учун керакли хужжатларни расмийлаштирдик. Тўғриси эътибор берилгани учун ўзимизда ҳам яшаш, курашишга ҳаракат кучайди. Оиламни оёққа турғизиб бергани учун адлияга раҳмат айтаман.-дейди Г.Алимуродова.

Шунингдек, оиланинг боқувчиси ҳисобланган фуқаро А.Алмуродовани МФЙни билан ҳамкорликда қайта касбга ўқитиш ишлари ташкил этилиши, шу орқали доимий бандлигини таъминлаш юзасидан тегишли ишлари олиб борилмоқда.

Авазхон Рахмонов

Қизилтепа туман адлия бўлими етакчи маслахатчиси