ЯНГИ МЕТОД: “ТАРТИБГА СОЛИШ ГИЛЬОТИНАСИ”
Навоий шаҳридаги “Камила” меҳмонхонасида “Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик хужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармоннинг мазмун-моҳияти ва амалий аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида матбуот анжумани ташкил этилди.
Анжуман аввалида адлия вазирлиги томонидан амалда жорий этилаётган “Тартибга солиш гильотинаси” мазмун-моҳияти ва унинг тарихи ҳақида сўз юритилди.
«Тартибга солиш гильотинаси» – қандай метод?
Иқтисодий ўсишдаги тўсиқларни бартараф этиш ва инвестицияларни жалб қилиш мақсадида амалиётга жорий этилган «тартибга солиш гильотинаси» принципи 1980 йилда Швецияда ишлаб чиқилган. Методнинг асосий ғояси – қисқа муддатларда амалдаги норматив-ҳуқуқий базани хатловдан ўтказиш ва унинг натижасида қонунчиликка зид бўлган, самарасиз норматив-ҳуқуқий хужжатларни бекор қилиш ҳисобланади-дейилди анжуман давомида.
Шунингдек, ушбу методнинг бугунги кундаги талқини Jacobs, Cardowa & Associates томонидан Швеция ва Жанубий Корея давлатлари тажрибасига асосланган холда ишлаб чиқилгани ва хаётга тадбиқ этилиш кетма-кетлиги тушунтирилди.
Бугунги кунга келиб «тартибга солиш гильотинаси»ни амалиётга жорий қилиш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан идоравий-норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўлиқ хатловдан ўтказилди. Хатлов натижасида ўз долзарблигини йўқотган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар аниқланди.
Тадбир мобайнида Фармон билан 500 га яқин эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган ҳужжатлари бекор қилингани таъкидланди.Шунингдек, Миллий қонунчилик базасида 30 мингдан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мавжуд бўлиб, уларнинг 5 фоизини қонун ҳужжатлари, 95 фоизини эса қонуности ҳужжатлари ташкил этиши айтилиб, мазкур йўналишдаги ишлар давом этаётгани ва уларнинг бугунги кундаги аҳволи тўғрисида ҳам ОАВ ходимларига маълумот берилди.
Навоий вилояти адлия бошқармаси
Ахборот хизмати