November 5, 2020

БАҒРИКЕНГЛИК –АДЛИЯ ТИЗИМИ ҚАДРИЯТЛАРИДАН БИРИ

Ҳар бир инсон яратган олдида тенгдир.Орамизда шундай шахслар борки, улар ўзгаларнинг кўмагига муҳтож. Жисмоний имкониятлари чекланган.Маълумотларга қараганда, ер юзида 1 миллиарддан ортиқ инсонлар ана шу ҳолатда кун кечиришмоқда.Мамлакатимизда уларнинг сони 650 мингдан, вилоятимизда эса 25 мингдан ортиқ.

Шу боис, республикамизда ҳам бугунги кунда ногиронлиги бор шахсларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилиниб, қонуний тартибда имтиёзлар белгиланмоқда.

Бундан ташқари ногиронликни барвақт аниқлаш ва олдини олиш, ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш, уларни касбга ўқитиш ва ишга жойлаштириш соҳасидаги ишлар ҳам тартибга солинаяпти.

“Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги янги қонуннинг қабул қилингани ҳам мазкур тизимда ечимталаб муаммоларни бартараф этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шуни алоҳида эътироф этиш керакки, бизнинг халқимизда бағрикенглик фазилати бор.Ижтимоий ҳимояга муҳтож,ногиронлиги бўлган шахсларга ёрдам кўрсатиш қонимизга сингган фазилат.Шу боис,эл орасида асосан байрам кунлари бундай инсонлар ҳолидан хабар олиш анъанага айланган.

Қизилтепа тумани адлия бўлими томонидан ҳам ана шундай шахсларга амалий ёрдам берилди.Ойсулув Асадова тумандаги “Узилиш” маҳаласида истиқомат қилади.Унинг 8 ёшли фарзандида туғма ногиронлик бор. Дунёга келибоқ ўзгалар ёрдамисиз ҳаракатланолмаслик оғриғини ҳис этган қизалоқ суянганда тана оғирлигини кўтароладиган аравачага муҳтож эди. “Сўфиён” маҳалласида яшовчи Ибодулла ота Муродовда ҳам ана шундай аравачага зарурат бўлган.Оғир аҳволда кун кечирадиган ҳар иккала оила учун даромад доридан ортмаган.

Туман адлия бўлимининг ташаббуси билан бугунги кунда хонадонларнинг мазкур вакиллари аравача билан таъминланди.

Бу дунёда яхшилик қолади. Эзгу амаллар инсонни улуғлайди.Кимгадир ўз ҳуқуқини англатиш, унинг манфаатларини ҳимоя этиш хаёт китобида эзгулик битиги билан муҳрланган.Адлия тизими қадриятларида ҳам ана шу жиҳат улуғланади. Зеро, фуқароларни рози қилиш фаолиятимиз мезонларидан биридир.

Абдували Асадов

Қизилтепа тумани адлия бўлими бошлиғи