September 8, 2020

“ИЖТИМОИЙ ТАДБИРКОРЛИК” ДАВР ТАЛАБИГА АЙЛАНМОҚДА

Пандемия дунё иқтисодиётига жиддий таъсир ўтказди. Бу аҳоли орасида ишсизлар сонининг кўпайиши билан намоён бўлаяпти.Ер юзининг ривожланган мамлакатларида ҳам аҳоли бандлиги таъминлаш муаммога айланмоқдани. Айни пайтда бу давлатимиз, ҳукуматимиз эътиборида турган асосий масалалардан биридир.

Биламизки, иқтисодиётни барқарорлаштириш, аҳоли даромадини оширишда ишлаб чиқаришни ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларини кўпайтириш муҳим аҳамият касб этади. Бугун ҳаётимизда “ижтимоий тадбиркорлик” тушунчаси кенг қириб келмоқда. Ижтимоий тадбиркорлик, унинг бугунги кундаги аҳамияти нималардан иборат?

Тадбиркорлик + Инновация + Даромад келтирадиган фаолият = Ижтимоий тадбиркорлик

Бизда “ижтимоий тадбиркор” иборасини эшитганда кўпчилик уларни тўла ҳуқуқли тадбиркор эмас, балки давлат томонидан ажратиладиган имтиёзлар асосида ишловчи инсонларни кўз олдига келтиради. Аслида, “ижтимоий тадбиркорлик” ёки “social entrepreneurship” атамасига қуйидагича таъриф бериш мумкин: ижтимоий тадбиркорлик жамиятнинг ижтимоий муаммоларини ҳал қилишга қаратилган тадбиркорлик тури ҳисобланади.

Ижтимоий тадбиркорликнинг яна бир таърифи – бу ижтимоий мақсадларни кўзлайдиган бизнес бўлиб, бунда даромадлар корхона эгаларининг даромадларини кўпайтиришга йўналтирилмайди. Бундай тадбиркорлик фаолиятининг асосий мақсади ижтимоий фойдалилик ҳисобланиб, унда соф фойда олиш эмас, балки ижобий ижтимоий ўзгаришларга, давлат ижтимоий сиёсати ёки бизнес томонидан ҳал этилмаган инсоний муаммоларни ҳал этишга қаратилган. Бундай корхоналарнинг ишига асосан ижтимоий жиҳатдан нобарқарор ҳолатда бўлган ёки ногиронлиги бўлган шахслар жалб этилади. Шу билан бирга, мазкур корхоналар ижтимоий жиҳатдан фойдали товар ва маҳсулотларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлади.

Хориж тажрибаси

Ижтимоий тадбиркорлик Буюк Британияда ўтган асрнинг 90-йилларида кооперативлар, коммунал компаниялар ва кўнгилли ташкилотлар каби ижтимоий ҳамкорликнинг шакллари фаоллашиши натижасида ривожланишни бошлаган. Бугунги кунда Буюк Британиядаги ижтимоий корхоналар барча корхоналарнинг 5% ни (70 000 га яқин ижтимоий корхоналар) ташкил этиб, деярли 1 млн.кишини иш билан таъминлайди.

Буюк Британиядаги ижтимоий корхоналар турли даражадаги муаммоларни ҳал қилиш бўйича фаолият олиб боради. Масалан, машҳур шеф-повар Джейми Оливер асос солган Fifteen халқаро хайрия ресторани тарбияси қийин ёшларга ошпазлик сирларини ўргатади ва уларни иш билан таъминлайди. Elvis & Kresse Organisation (EaKo) компанияси саноат чиқиндиларини тўплайди ва улардан замонавий сумкалар, жомадонлар ва бошқа зарур буюмлар ишлаб чиқаради. Doncaster Refurnish компанияси ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли учун арзон мебеллар ишлаб чиқаради. Компания шунингдек, хонадонлар ва уйларни тозалаш, боғларни парвариш қилиш бўйича хизматларни тақдим этади. Шунингдек, компания олинган маблағнинг бир қисмини турли даражадаги ижтимоий аҳамиятга молик маҳаллий лойиҳаларни ривожлантиришга сарфлайди.

Бугунги кунда, Жанубий Корея ижтимоий аҳамиятга молик муаммоларни ҳал қилиш учун ишлаётган компанияларни қўллаб-қувватлаш бўйича тан олинган етакчи бўлиб, мамлакатда бундай корхоналарнинг сони тобора ортиб бормоқда. Ижтимоий тадбиркорлар маданият ва санъат, таълим, экология, туризм, спорт, шунингдек, саноат маҳсулотлари, озиқ-овқат ва маиший товарлар ишлаб чиқариш соҳаларида фаолият олиб боришади.

Ушбу корхоналарнинг мутлақ кўпчилиги, биринчи навбатда аҳолининг заиф қатламлари учун иш ўринларини яратишга қаратилган бўлиб, Жанубий Кореяда ижтимоий корхона сифатида рўйхатдан ўтиш ва имтиёзлардан фойдаланиш учун корхоналар давлат аттестациясидан ўтади. Бунда ушбу корхоналарга қўйиладиган талаблар қуйидагилардан иборат:

ходимларнинг тенг ярми ижтимоий ҳимояга муҳтож одамлар ҳисобига шакллантирилиши керак ёки ушбу тоифаларга хизматларнинг 50%дан кўпроғи кўрсатилиши керак.

корхона болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш, санъат, спортни ривожлантириш, ўрмонларни қўриқлаш, бола парвариши ва маиший ёрдам кўрсатиш соҳасида фаолият олиб бориши керак.

Шунингдек, Жанубий Корея қонунларига кўра, ижтимоий корхона ўз фойдасининг камида учдан икки қисмини ижтимоий мақсадларга қайта инвестиция қилиши лозим. Қоидаларга риоя қилмаслик, хабар бермаслик ёки мақомни нотўғри ишлатиш жаримага олиб келади.

Ижтимоий тадбиркорликни ривожлантириш

Бугунги кунда бошқа ҳар қандай мамлакатда бўлгани каби, Ўзбекистонда ҳам ҳал қилиниши керак бўлган ижтимоий муаммолар мавжуд. Ижтимоий тадбиркорлик эса бу муаммоларни юмшатиш ва ҳал қилишнинг энг самарали усулларидан бири бўлиши мумкин. Ҳар қандай бизнес каби ижтимоий тадбиркорлик ҳам бюджетга даромад келтиради ҳамда мамлакатдаги ижтимоий муаммоларни ҳал қилишда иштирок этади.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси шароитида ҳам ижтимоий тадбиркорлик институтини яратиш ва уни ривожлантириш, ижтимоий тадбиркорликнинг афзалликлари тўғрисида жамоатчилик ва ишбилармон доираларни хабардор қилиш чораларини кўриш мақсадга мувофиқ бўлади.

Навоий вилояти адлия бошқармаси

Ахборот хизмати