АДЛИЯ ХАЛҚ БИЛАН БИРГА...
Халқни рози қилиш, аҳоли билан ҳамнафас яшаш адлия органларининг шиорига айланган. Тизимда фуқаро мурожаатлари билан ишлашнинг янгича шакллари амалда жорий этилди.Хусусан, аҳоли муаммолари уйма-уй кириб ўрганилиб, ҳар бир фуқарога бепул ҳуқуқий маслаҳат берилмоқда, ижтимоий тармоқларда мулоқотнинг онлайн усулидан самарали фойдаланилаяпти.
Айни пайтда ҳудудларда “Ҳуқуқий ахборот кунлари” лойиҳаси ўтказилмоқда.Хатирчи туман адлия бўлимида ҳам бу борадаги ишлар белгиланган тартибда ташкил этилган.Лойиҳа доирасида аҳоли билан учрашувлар ва ёшлар ўртасида тарғибот тадбирлари ташкиллаштирилаяпти. Тарғибот 3 йўналишда амалга оширилмоқда. Хусусан, хонадонлар, маҳалла гузарларида фуқаролар билан якка суҳбатлар ташкил этилиб, уларни қийнаётган масалалар умумлаштирилаяпти.
Маълумки, кишилар ўртасида ишсизлик, ижтимоий нафақа олиш, уй таъминоти, солиқ тўловлари, имтиёзли кредитлар олиш, йўлсозлик сингари масалаларда мурожаатлар кўп учрайди. Мониторинг шуни кўрсатмоқдаки, улар томонидан йўл қўйилаётган асосий хатолик мурожаатни эгасига ўз вақтида етказолмаслик ёки мурожаат қаноатлантирилмаганда юқори турувчи органга бу ҳақда хабар бериш тартибини билмаслик билан боғлиқ. Ҳуқуқий ахборот кунларида фуқароларга мазкур йўналишда манзилли ёрдам кўрсатилди.
Тадбирлар давомида Хатирчи тумани Дўстлик МФЙда истиқомат қилувчи фуқаро Баҳриддин Шониёзов адлия бўлимига юриш мосламаси олиб беришда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган.Айни пайтда туман тиббий ижтимоий хизматлар шўъбаси билан фуқаро мурожаатини ҳал этиш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.
Ҳилола Тошмаматова тумандаги Дамариқ маҳалласида яшайди. Фуқаро ишдан бўшагандан сўнг унга ишдан бўшатиш нафақаси тўланмаган. Ҳ.Тошмаматованинг мурожаати ўрганилиб, туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимига фуқарога ишдан бўшатиш нафақасини ундириб бериш бўйича тақдимнома киритилди.
Айни пайтда “Ҳуқуқий ахборот кунлари”лойиҳаси давом этмоқда.
Аброр Сатторов
Хатирчи туман адлия бўлими масъул ходими