ИЖТИМОИЙ ТАДБИРКОРЛИКНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСИ
Ижтимоий тадбиркорлик – ижтимоий мақсадларни кўзлайдиган бизнес бўлиб, бунда даромадлар корхона эгаларининг даромадларини кўпайтиришга йўналтирилмайди.
Ижтимоий тадбиркорлик фаолиятининг асосий мақсади ижтимоий фойдалилик ҳисобланиб, унга кўра корхонанинг ишига асосан ижтимоий жиҳатдан нобарқарор ҳолатда бўлган ёки ногиронлиги бўлган шахслар жалб этилади. Шу билан бирга, мазкур корхоналар ижтимоий жиҳатдан фойдали товар ва маҳсулотларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлади.
Ижтимоий корхона – хусусий ташкилот ҳисобланади, шунга кўра у давлат ташкилоти бўлиши ёки давлат томонидан бошқарилиши мумкин эмас.
МДҲ мамлакатларида ижтимоий тадбиркорликка алоҳида эътибор берилмайди. Ижтимоий корхоналарни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг намунали мисоли Жанубий Корея бўла олади.
Жанубий Кореяда оммавий ишсизлик ва турмуш даражасининг тушиб кетишига сабаб бўлган 1997 йилда вужудга келган Осиё молиявий инқирози мамлакатда ижтимоий тадбиркорликнинг пайдо бўлишига туртки бўлди. Айнан ўша пайтда мамлакат раҳбарияти Кореяда деярли бўлмаган нотижорат ташкилотлар ва ижтимоий корхоналарга мурожаат этиш бўйича қарор қабул қилган. Мазкур соҳани бошидан яратишга тўғри келган.
Тайёргарлик даври деярли ўн йил давом этган ва фақат 2007 йилдагина пухта ишлаб чиқилган “Ижтимоий тадбиркорликни ривожлантириш тўғрисида”ги қонун ва ижтимоий тадбиркорлик билан боғлиқ тўлиқ дастурлар пакети қабул қилинган.
Амалдаги Ўзбекистон қонунчилигида “ижтимоий тадбиркорлик”нинг ҳуқуқий тушунчаси аниқ белгиланмаган. Бугунги кунда Президентимизнинг алоҳида қарорлари билан нодавлат мактабгача таълим, ногиронлиги бўлган шахслар учун маҳсулот ва жиҳозлар ишлаб чиқариш, шунингдек руҳий бузилишлардан азият чекаётган ва ногиронлиги бўлган шахсларни парвариш қилиш билан боғлиқ тиббий фаолият соҳалари учун имтиёз ва қулайликлар, шу жумладан солиқ ва божхона имтиёзлари тақдим этилган.
Мазкур имтиёз ва қулайликларга божхона ва солиқ имтиёзлари, шунингдек харидор томонидан инвестицион ва ижтимоий мажбуриятларни қабул қилиш шарти билан давлат мулки объектларини “ноль” харид қийматида сотиш бўйича ўтказиладиган танлов савдолари натижаларига кўра, танлов савдоларининг бошқа иштирокчилари билан унинг таклифлари ўртасида тенг шароитлар юзага келган ҳолларда битимни тузиш бўйича устуворлик ҳуқуқи, давлат мулки объекти
учун ижара тўловини ушбу объектга нисбатан энг кам ижара тўлови ставкасининг 50 фоизи миқдорида белгилаш киради.
Ишсизликка қарши курашишда, шунингдек ижтимоий фойдали товарлар
ва хизматларни ишлаб чиқаришда рағбатлантирувчи омил сифатидаги ижтимоий тадбиркорликнинг долзарблигини ҳисобга олган ҳолда, ижтимоий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни қамраб олувчи дастур ишлаб чиқиш ва қабул қилиш мақсадга мувофиқ.
Мазкур соҳадаги хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда “ижтимоий тадбиркорлик”нинг ҳуқуқий тушунчасини белгилаш, хусусан, бунда ижтимоий корхоналар ижтимоий хизматлар кўрсатишини, аҳолининг ижтимоий жиҳатдан ҳимояга муҳтож қатламлари учун иш ўринлари яратиши, даромадининг 50 фоизидан кўпини корхона эгаларига тақсимламаслик, даромадларни асосан ижтимоий тадбиркорликнинг асосий мақсадига йўналтириш учун инвестиция қилиши лозимлигини белгилаш фойдадан ҳоли эмас.
Қисман молиявий қўллаб-қувватлаш ёки инвестицияларни жалб қилиш имкониятларини тақдим этиш орқали муваффақиятли ижтимоий ташаббусларни ривожлантиришга кўмаклашиш мумкин.
Қисқа қилиб айтганда, ижтимоий тадбиркорликка кенг йўл очиш ишсизликка барҳам бериши мумкин.