September 18, 2020

ҚАНДАЙ ҲОЛЛАРДА ФУҚАРОЛИК ТИКЛАНМАЙДИ?

Орамизда бир неча йиллардан буён Ўзбекистон заминида яшаб туриб фуқаролигини ололмай юрганлар бор эди. Сўнгги йилларда бу сингари юзлаб кишиларнинг орзуси ушалганига гувоҳ бўлаяпмиз. Аммо бу диёрдан ўз хоҳиши билан кетган, фуқароликдан ҳам воз кечганлар йўқ эмас. Ана шундай инсонлар орасида юртига қайтишни истаган, фуқаролигини тиклаш учун ариза берганлар талайгина.

Ўзбекистон Республикасининг «Фуқаролик тўғрисида» Қонуни янги таҳририда Ўзбекистоннинг фуқаролигини бир мартадан ортиқ тиклашга йўл қўйилмаслиги кўрсатиб ўтилган.

Таъкидлаб ўтиш жоиз, шахс чет давлатнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик органларига, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига хизматга кирганлиги оқибатида, ёки чет давлатнинг фойдасини кўзлаб фаолият кўрсатган ҳолда ёки тинчлик ва хавфсизликка қарши жиноятлар содир этиш йўли билан жамият ҳамда давлат манфаатларига жиддий зарар етказганлиги туфайли фуқароликни йўқотган бўлса, унинг фуқаролиги тикланмайди.

Фуқароликни йўқотиш бўйича янги асос жорий этилмоқда. Агар шахс чет давлатнинг фуқаролигини туғилганлик бўйича ёхуд чет давлат фуқароси бўлган отасининг ёки онасининг фуқаролиги асосида, вояга етмаган ёшида олган бўлса ва 21 ёшга тўлгунига қадар чет давлат фуқаролигидан чиқишни расмийлаштирмаган бўлса фуқаролик йўқотилади.

Қонунга кўра,хорижда доимий яшовчи шахс мамлакатимиз фуқаролигини йўқотмаслик мақсадида консуллик ҳисобига туриши лозим бўлган муддат 3 йилдан 7 йилгача узайтирилмоқда.

Навоий вилояти адлия бошқармаси

Ахборот хизмати