October 28, 2020

СЎРАГАН ЭДИНГИЗ

Фукаронинг фойдаланилмаган йиллик мехнат таътиллари учун пуллик компенсация тулаш тугрисида ариза бериш муддатлари тугрисида маълумот беришингизни сурайман.

Саволга Қизилтепа тумани адлия бўлими бошлиғи Абдували Асадов жавоб беради

Жавоб: Ходимга фойдаланилмаган йиллик меҳнат таътиллари учун тўланадиган компенсация тўловлари иш ҳақига тенглаштирилган тўловлар ҳисобланади. Шунинг учун ҳам бу тўловларни ундириш билан боғлиқ жараёнларни ҳам ходимнинг иш ҳақи тўловларини ундириш деб ҳисобласак тўғри бўлади.

Қонунчиликда ходимнинг иш ҳақи тўловларини ундириш масаласида иш берувчига ариза ёки бошқа бир турдаги мурожаатларни киритиш масаласида муддат билан боғлиқ бўлган бирор-бир чеклов йўқ. Бу борада тарафлар масалани муддатидан қатъий назар ўзаро низосиз тартибда, яъни келишув асосида ҳал қилишлари мумкин.

Лекин, Меҳнат кодексининг 270-моддасида меҳнат низосини ҳал қилишни сўраб мурожаат этиш муддатларига оид айрим талаблар белгиланган. Бу моддага кўра, судга ёки меҳнат низолари комиссиясига мурожаат этиш учун қуйидаги муддатлар белгиланади:

ишга тиклаш низолари бўйича — ходимга у билан меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ҳақидаги буйруқнинг нусхаси берилган кундан бошлаб бир ой;

ходим томонидан иш берувчига етказилган моддий зарарни тўлаш ҳақидаги низолар бўйича — зарар етказилганлиги иш берувчига маълум бўлган кундан бошлаб бир йил;

бошқа меҳнат низолари бўйича — ходим ўз ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан бошлаб уч ой.

Иш ҳақи тўловларини ундиришга оид низоларни 270-моддадаги “бошқа меҳнат низолари” деб ҳисобласак, бундай ҳолатларда ходим судга даъво ариза ёки меҳнат низолари комиссиясига ариза бермоқчи бўлса, мурожат бериш муддати ходим ўз ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан бошлаб уч ой бўлади.

Қаранг, ушбу уч ойлик муддат ўтиб кетган бўлса, ходимнинг судга мурожаат қилиш ҳуқуқи бекор бўлади деган гап йўқ. Фуқаролик судларида судьялар даъво муддати узрли сабабларга кўра ўтказиб юборилган деб топса, бу муддатни тиклайди ва ишни кўриб чиқади (ФПК 155-модда).

Бу ерда ходим муддатни узрли сабаб билан ўтганлигини асослаган ҳолда, дейлик, судга даъво киритиш муддатини тиклашни илтимос қилиши мумкин. Юқорда айтганимдек, амалиётда судлар албатта бундай ҳолатларни эътиборга оладилар.ММ