May 25, 2020

Адлия органининг аралашуви билан етказилган зарар тўлаб берилди

Кармана туман ҳокимининг “Деҳқон” МФЙ ҳудудида жойлашган давлат ва жамият эҳтиёжлари учун олиб қўйилган 10 (ўн) нафар фуқароларга тегишли бўлган объектларни бузишга рухсат бериш тўғрисидаги қарори лойиҳаси туман адлия бўлими томонидан ўрганиб чиқилди.

Аниқланишича, Халқ депутатлари Кармана тумани кенгашининг 2020 йил 10 мартдаги 4/22-сонли қарорида туманнинг “Деҳқон” МФЙ ҳудудидаги Кармана кўчасида жойлашган (номлари қарорга иловада келтирилган) жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган кўчмас мулк объектлари жойлашган ер участкалари туман захира ерлари ҳисобига олиниши ва олинган ер майдонларига тенг миқдорда ер майдонлари ажратилиши белгиланган.

Мазкур фуқаролар ҳамда юридик шахслар ўртасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 ноябрдаги 911-сон қарори билан тасдиқланган “Ер участкалари олиб қўйилиши ва олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига компенсация бериш тартиби тўғрисида” ги Низомга асосан туман ҳокимлиги ҳамда мулк эгалари ўртасида 2020 йил 19 мартида ҳар бири билан алоҳида келишув битимлари тузилган ҳамда ушбу келишув битимлари нотариал тартибда тасдиқланди.

Ушбу 10 нафар жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш бўйича марказлаштирилган жамғармадан жами 854,2 млн сўм маблағ ажратиш юзасидан қабул қилинган Навоий вилоят ҳокимининг 2020 йил 25 мартда Ф-19-сонли фармойишига асосан, келишув битимида кўрсатилган пул маблағлари 2020 йилнинг 26 март куни Ғазначилик бўлими орқали жисмоний ва юридик шахсларга кўчириб берилган ва фармойиш ижроси тўлиқ таъминланишига эришилиди.

Бундан ташқари туман ҳокимининг 2020 йилнинг 2 апрелида Қ-149-сон қарори билан юқорида кўрсатилган 10 нафар жисмоний ва юридик шахсларга эгаллаб турган ер майдонлари давлат ва жамият эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан “Мирсаид Бахром” МФЙ ҳудудидаги туман заҳира ерларидан “Савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шахобчалари”ни лойиҳалаштириш ва қуриш учун аввалгисига тенг миқдорда ер майдонлари ажратиб берилиши таъминланди.

Юқоридагиларга асосан ҳамда туман адлия бўлимига тақдим қилинган ҳужжатларга мувофиқ туман ҳокимининг “Деҳқон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилган 10 (ўн) нафар жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган объектларни бузишга рухсат бериш тўғрисидаги қарори лойиҳаси амалдаги қонун талабларига мос равишда тайёрланганлиги ҳақида бўлим томонидан тегишли хулоса тайёрланиб мулклари бузилаётган 10 нафар фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳақ-ҳуқуқларининг бузилишига йўл қўйилмаслигига ҳамда уларга компенсация берилиши таъминланди.

Кармана тумани адлия бўлими бошлиғи,

3-даражали адлия маслаҳатчиси П.Худайбердиев