Коронавируснинг олдини олишда барчамиз ўз ҳиссамизни қўшамиз.
Бугунги кунда жаҳон миқёсида коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишда, инсонларнинг ҳаракатланишига чекловлар киритиш ва корхоналар фаолиятини тўхтатиш орқали мисли кўрилмаган чоралар кўрилмоқда. Нафақат юртимизда балки, энг йирик иқтисодиётга эга мамлакатларда ишлаб чиқариш ва истеъмол ҳажмларининг кескин қисқариши, глобал ишлаб чиқариш занжирлари ва савдо алоқаларининг издан чиқиши, дунё молия бозорларида хом ашё товарлари нархининг пасайиши ва конъюнктуранинг ёмонлашувини келтириб чиқарди.
Бугунги кунда давлатимиз томонидан коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш ва бошқа глобал хавф-хатарлар даврида иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, ташқи иқтисодий фаолиятни рағбатлантириш, аҳолини самарали ижтимоий қўллаб-қувватлаш, мамлакат аҳолиси даромадлари кескин пасайиб кетишининг олдини олиш мақсадида бир қатор чоралар амалга оширилмоқда.
Мухтарам юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан жорий йилнинг 19 март куни “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида” 5969-сонли Фармони қабул қилинди. Мазкур фармонда юртбошимиз томонидан бир қатор йўналишлар белгилаб берилди.
Жумладан, Молия вазирлиги ҳузурида 10 трлн сўм миқдоридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилди.
Шу билан бир қаторда, мазкур жамғарма маюлағлардан фойдаланишнинг асосий йўналишлари ҳам белгилаб олинди. Хусусан, коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши курашиш бўйича қуйидаги тадбирларни молиялаштириш, шу жумладан:
- даволаш ва бошқа муассасаларни коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш учун зарур бўладиган дори воситалари ва тиббий буюмлар, ҳимоя воситалари ва тест тизимлари билан таъминлаш;
- хавф-хатар остида бўлган ёки вирус юқтирганлар билан мулоқотда бўлган шахсларни карантинда сақлаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш;
- коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишда иштирок этаётган тиббиёт ходимларини моддий рағбатлантириш, республика санитария-эпидемиология хизмати томонидан ҳимоя чораларини амалга ошириш харажатлари учун қўшимча маблағлар ажратиш;
- юқумли касалликларни аниқлаш, профилактика қилиш ва даволаш бўйича тадбирларга жалб этилган даволаш ва бошқа муассасаларни қуриш, таъмирлаш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш ва бошқалар назарда тутилди.
Давлатимиз томонидан бугинги эпидемия шароитида ҳам тадбиркорлик субъектлари учун бир қанча енгилликлар берилмоқда. Бевосита, 2020 йил 1 апрелдан 1 октябргача бўлган даврда:
- якка тартибдаги тадбиркорлар учун ижтимоий солиқнинг ойлик энг кам суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизига қадар камайтирилади;
- алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси билан шуғулланувчи корхоналарнинг ажратмалари миқдори 5 фоиздан 3 фоизга пасайтирилади;
- умумий овқатланиш корхоналари учун алкоголь маҳсулотларини чакана сотиш ҳуқуқи учун йиғимлар миқдори белгиланган миқдорлардан 25 фоизга камайтирилади;
- 2020 йил 1 апрелдан 1 июлгача бўлган даврда туристик (меҳмонхона) йиғимини ҳисоблаш ва тўлаш тўхтатилади;
- қишлоқ хўжалигидаги ерларни суғориш учун фойдаланиладиган ҳажмлар бўйича сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 2020 йилда ўрнатилган ставкалардан 50 фоизга пасайтирилади;
- 2019 йил учун жисмоний шахсларнинг жами йиллик даромадлари тўғрисидаги декларацияни тақдим этиш муддати 2020 йил 1 августга қадар узайтирилади;
- жисмоний шахсларнинг мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлаш муддати 2020 йил 15 октябрга қадар узайтирилади.
- 2019 йил учун жисмоний шахсларнинг жами йиллик даромадлари тўғрисидаги декларацияни тақдим этиш муддати 2020 йил 1 августга қадар узайтирилади;
- жисмоний шахсларнинг мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлаш муддати 2020 йил 15 октябрга қадар узайтирилади.
Шунингдек, 2020 йил 1 октябргача бўлган даврда:
- ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун хўжалик юритувчи субъектларга жарималар қўллаш тўхтатилади;
- солиқ органлари вақтинча қийинчиликларни бошдан кечираётган хўжалик юритувчи субъектларга мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича пенялар ҳисобланишини тўхтатиб туради, шунингдек, солиқ қарзини мажбурий ундириш чораларини кўрмайди.
2021 йил 1 январга қадар тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини солиқ аудитидан ўтказиш тўхтатилади.
Тадбиркорлик субъектларига:
- ҳисобот йилида амалга оширилган товарларнинг умумий экспортига нисбатан 10 фоиздан ошмаган муддати ўтган дебитор қарздорлиги мавжуд бўлган тақдирда, кафолатланган тўловни таъминламасдан товарлар экспортини амалга оширишга;
- 2020 йил давомида ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлигини сўндириш эвазига технологик асбоб-ускуналар ва хом ашё товарларини импорт қилиш бўйича бир марталик операцияларни амалга оширишга рухсат берилди.
Коронавирус инфекцияси билан зарарланиши ёки зарарланган деб гумон қилиниши муносабати билан карантинга жойлаштирилган ота-оналар шунингдек, уларнинг 14 ёшгача бўлган боласини парвариш қилаётган шахсларга ўртача ойлик иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси тўланади.
Коронавирус инфекцияси билан зарарланган ёки карантинга жойлаштирилган, шунингдек, 14 ёшга тўлмаган боланинг ота-онаси (унинг ўрнини босувчи шахслар, васийлар, ҳомийлар) бўлган ходимлар билан меҳнат шартномаларини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш тақиқланади.
Карантинга оид чоралар амал қилиши даврида иш берувчилар ходимларни, айниқса ҳомиладор аёллар, кексалар, имконияти чекланган ҳамда сурункали касалликка чалинган шахсларни, уларнинг розилиги билан, масофадан туриб ишлаш усулига, қулай иш графигига ёки уйдан туриб ишлашга ўтказишлари мумкин.
Барчамиз учун синовли бўлган мазкур кунлардан омон ўтишда давлатимизга ёрдам бериб эпидемия қоидаларига риоя қилиб, уйда қолиб қўллаб-қувватлашимиз барчамизнинг бурчимиздир.
Навоий шаҳар адлия бўлими бошлиғи А.Холмўминов